Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Технологик компания Yandex илк бор Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажмини маълум қилди. Компания маълумотларига кўра, Ўзбекистон бозорига киритилган умумий инвестициялар миқдори 300 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Шундан 150 миллион доллари фақат 2025 йилнинг ўзида йўналтирилган. Мазкур маблағлар, жумладан, ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлашга қаратилган ML School дастури, ўзбек тилида ишлайдиган "Алиса" овозли ёрдамчиси, ҳамкорлар учун автомобилларни молиялаштириш дастурлари ва бошқа лойиҳаларни ривожлантиришга сарфланган.
Қайд этилишича, Yandex Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишонч билдириб, мамлакат бозорига кирган дастлабки йирик халқаро технологик инвесторлардан бири бўлган.
Компания келтирган маълумотларга кўра, Yandex Go хизмати фаолияти бошланишидан олдин мамлакат такси бозорида йилига тахминан 4 миллион сафар амалга оширилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 480 миллион сафарга етган.
Айни пайтда компания мамлакатда мобиллик хизматлари, сунъий интеллект, таълим технологиялари ва бошқа соҳаларни қамраб олган 20 дан ортиқ йўналишни ривожлантирмоқда.
Шунингдек, ҳар ой Ўзбекистонда 7 миллиондан ортиқ фойдаланувчи компания маҳсулотларидан фойдаланиши қайд этилган. Бу мамлакатдаги катта ёшли аҳолининг қарийб ҳар уч нафаридан бири дегани.

Изоҳлар мавжуд емас