Загрузка
Загрузка
Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюрди
Маданият

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюрди

11
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар, кўргазма ва таълим майдонлари ҳамда марказнинг келгусидаги фаолияти билан танишди. Замонавий санъат маркази Ўзбекистонда ушбу йўналишга ихтисослашган биринчи давлат муассасаси ҳисобланади. Марказда кўргазмалар, маърузалар, очиқ мулоқот ва муҳокамалар, фильм намойишлари, концертлар, перформанслар, ижодий устахоналар ҳамда арт-резиденция дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари замонавий санъатни изчил ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, замонавий санъат бугунги авлоднинг дунёқараши, ижодий изланишлари ва бунёдкорлик салоҳиятини намоён этиш, халқаро маданий мулоқотни кенгайтириш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг маданий қиёфасини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Президент марказни ижодкорлар, кураторлар, тадқиқотчилар ва ёшлар учун очиқ ижодий майдонга айлантириш зарурлигини таъкидлаган. Халқаро алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистонга замонавий санъатнинг таниқли вакилларини жалб этиш ҳамда маҳаллий ижодкорларнинг янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилган.

Марказда кенг жамоатчилик учун очиқ ихтисослаштирилган кутубхона ва тадқиқот архиви ҳам ташкил этилган. Уларда санъат, визуал маданият ва танқидий назарияга оид адабиётлар ҳамда материаллар жамланган.

Муассаса ўз фаолиятини "Ҳикмат" (Hikmah) номли илк халқаро кўргазма билан бошлайди. Экспозиция билим, маънавий мерос ва маданий хотира, шунингдек, тарихий анъаналар билан замонавий санъат ўртасидаги боғлиқлик мавзуларига бағишланган.

Кўргазмада таниқли рассомларнинг 11 та асари, жумладан, лойиҳа учун махсус яратилган ишлар намойиш этилади. Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор Нью-Йоркдаги Соломон Р.Гуггенхайм музейи тўпламидаги инсталляция тақдим этилади.

Марказ АҚШнинг Гуггенхайм музейи ва Осиё санъати миллий музейи, Буюк Британиянинг "Tate" ва "Delfina Foundation" ташкилотлари, Франциянинг Помпиду маркази ҳамда Корея Санъат кенгаши билан ҳамкорликни ривожтирмоқда.

Шавкат Мирзиёевга марказнинг келгусидаги кўргазма, таълим ва тадқиқот дастурлари ҳақида маълумот берилди. Янги маскан Ўзбекистонлик ижодкорларни халқаро майдонда кенг танитиш, профессионал муҳитни ривожлантириш ва мамлакатнинг хорижий давлатлар билан маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Марказнинг расмий очилиши 6 сентябрь кунига режалаштирилган.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...