Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон халқ артисти Зинаида Соловей 87 ёшида вафот этди. Марҳума ярим асрга яқин ижодий фаолияти давомида юксак профессионаллик, бетакрор актёрлик маҳорати ва ижрочилик истеъдоди билан томошабинлар меҳрини қозонган.
Унинг баланд ва жозибадор лирик сопрано овози санъат ихлосмандлари орасида алоҳида эътироф этилган. Зинаида Соловей Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театридаги фаолияти давомида 70 дан ортиқ ролларни ижро этган. У "Корол вальса"да Эдит Флавон, "Летучая мышь"да Розалинда, "Цыганский барон"да Саффи каби қатор машҳур образларни саҳнада гавдалантирган. Шунингдек, "Сильва", "Мариса", "Баядера", "Принцесса цирка", "Граф Люксембург", "Аршин мал-олан" каби асарларда ҳам етакчи ролларда иштирок этган.
У ўзининг фидокорона меҳнати ва самимий инсоний фазилатлари билан театр санъати ривожига катта ҳисса қўшган ижодкор сифатида ёдда қолади.
Таҳририятимиз номидан марҳуманинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз.

Изоҳлар мавжуд емас