Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вилоятнинг саккизта туманида чорва учун озуқа базасини ривожлантириш, маҳаллий уруғчилик марказларини ташкил этиш ва аҳоли хонадонларидаги чорва моллари учун озуқа харажатларининг бир қисмини субсидиялаш режалаштирилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг саккизта туманида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли озуқабоп экинлар етиштириш йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳудудда Миср олимлари билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ва уруғчилик марказларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ҳақда 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга чорвачиликда озуқа базасини ривожлантириш бўйича тақдим этилган лойиҳада маълум қилинган.
Тақдимотда Қашқадарёда чорвачиликни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилдан тажриба тариқасида аҳоли хонадонларидаги чорва моллари учун озуқа хариди харажатларининг 10 фоизини субсидиялаш таклифи ҳам билдирилган.
Бундан ташқари, вилоятда маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил ва қурғоқчиликка чидамли озуқабоп экин навларини яратиш кўзда тутилган. Бу орқали уруғликка бўлган эҳтиёжнинг ҳозирда 95 фоизи импорт ҳисобига қопланаётганини камайтириш мақсад қилинган.
Қайд этилишича, республика бўйича 2030 йилгача яйловларнинг бир миллион гектар майдонига дронлар ёрдамида уруғ сепиш режалаштирилмоқда. Бу чора-тадбирлар озуқа етиштириш ҳажмини ошириш ва чорвачилик учун барқарор озуқа базасини шакллантиришга қаратилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳукумати чорвачиликни ривожлантириш учун 463 миллион доллар йўналтираётгани маълум
қилинган эди. Маблағлар тўхтаб қолган корхоналарни тиклаш, гўшт ва сут ишлаб чиқаришни кўпайтириш, наслли чорва молларини импорт қилиш ва соҳага рақамли технологияларни жорий этишга йўналтирилади.

Изоҳлар мавжуд емас