Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ҳомиладор ва уч ёшгача фарзандини тарбиялаётган талаба-қизлар учун олий таълимда бир қатор енгилликлар жорий этилди. Уларга шахсий ўқув жадвали муддатини кейинги ўқув йилига кўчириш, давлат грантини сақлаб қолиш, ўқишни қайта давом эттириш ва фанлар фарқини тўловсиз топшириш имконияти берилди.
Янги тартибга кўра, сиртқи, махсус сиртқи ва кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар узрли сабабларга кўра фанларни белгиланган муддатда ўзлаштира олмаса, уларга шахсий ўқув жадвали берилади. Ҳомиладорлик ёки уч ёшгача фарзанд тарбияси билан боғлиқ ҳолатларда бу муддатни истисно тариқасида кейинги ўқув йилига кўчириш мумкин. Бунда давлат гранти мақоми сақланади.
Шунингдек, курсдан қолган ёки талабалар сафидан четлаштирилган ҳомиладор ва уч ёшгача фарзандини тарбиялаётган талаба-қизларга ўқишни қайта давом эттириш имконияти берилади. Улар қолдирган ёки четлаштирилган курсидан таълимни давом эттириб, фанлар фарқини мустақил топшириш учун икки йилгача муддат олиши мумкин. Бунинг учун тўлов ундирилмайди, зарур ўқув материаллари ва HEMIS тизими орқали онлайн маслаҳатлар тақдим этилади. Ушбу имконият ҳар бир ҳолат учун бир марта берилади.
Академик таътилдан қайтган талаба-қизларга ҳам фанлар фарқини мустақил топшириш учун икки йилгача муддат ажратилади ва бунинг учун тўлов олинмайди.
Масофавий таълимда ўқиётган ҳомиладор ёки уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизлардан ўқиш бошланишидан олдин рўйхатдан ўтиш ва семестр якунидаги якуний назорат учун олий таълим муассасасига шахсан келиш талаб этилмайди. Якуний давлат аттестацияси бундан мустасно.
Хорижий ҳамкор университетлар билан қўшма таълим дастурларида ўқиётган талабалар ҳам ҳамкор муассасанинг розилиги билан чет элга бормасдан таълимни давом эттириши мумкин. Ҳомиладорлик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, фарзанд парвариши эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома билан тасдиқланади. Кейинги таълим траекторияси икки университет келишуви асосида белгиланади.
Аввалроқ талабалар учун касбий волонтёрлик дастури жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас