Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2027 йил 1 февралдан маҳаллаларда профилактика инспекторлари кабинетлари эшиги ташқи томонига махсус контакт тугмалари ўрнатилади. Улар орқали аҳоли инспектор билан тезкор боғланиб, муаммо ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган қарорга кўра, тугмалар орқали келиб тушган мурожаатлар E-material ахборот тизимида кўриб чиқилади. Инспекторлар мурожаат қилган фуқародан қўшимча маълумот, жумладан, овозли изоҳ олиш, зарур қарорларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тасдиқлаш имконига эга бўлади.
Янги механизм жорий этилса-да, ички ишлар органларига мурожаат қилишнинг амалдаги тартиби ўзгармайди. Фуқаролар ҳуқуқбузарлик ёки фавқулодда ҳолатлар ҳақида 102 ва 112 рақамлари орқали ҳам хабар беришлари мумкин.
Қарорлар билан давлат органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари зиммасига аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти ҳам юклатилган.
Хусусан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари, шунингдек, эрта никоҳлар ҳамда 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги аниқланганда, бу ҳақда тегишли идораларга маълум қилиниши шарт.
Ҳар икки қарор 2026 йил 25 ноябрдан кучга кирган. Шунингдек, эрта никоҳлар ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида хабар бермаган мансабдор шахслар ҳамда ташкилотлар ходимларига нисбатан жарима жорий этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Олдинроқ Ўзбекистон аҳолиси ўз участка инспекторига қандай ишончсизлик билдириши мумкинлиги ҳақида маълум қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас