Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззахда отаси томонидан жинсий зўравонликка учрагани айтилган вояга етмаган қиз ҳозирда оилавий болалар уйида яшамоқда. Унинг хавфсизлиги таъминланган, руҳий-эмоционал ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги расмий муносабат билдирди.
Агентлик маълум қилишича, ҳолат 9 октябрь куни таълим муассасаларида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида аниқланган. Қизнинг сабабсиз дарс қолдираётгани ўрганилиб, мактаб психологи билан суҳбат ўтказилган. Шунда унинг руҳий ҳолати беқарорлиги маълум бўлиб, суҳбат давомида зўравонлик ҳақидаги маълумот ошкор бўлган.
Ҳолат ички ишлар органларига хабар қилинган ва материаллар прокуратурага йўналтирилган. Қизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида у дастлаб кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказига жойлаштирилиб, психологик ва ижтимоий ёрдам олган, тиббий кўрик ҳамда экспертизага юборилган.
Ҳозирда қизнинг отасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчи Россияга кетгани сабабли унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Уни оиласига қайтариш масаласи боланинг хавфсизлиги, руҳий ҳолати ва манфаатлари тўлиқ баҳолангандан кейин кўриб чиқилади. Мазкур ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари назоратига олинган.

Изоҳлар мавжуд емас