Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокида "Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш механизмини яратиш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. 2026–2028 йилларга мўлжалланган ташаббус учун Жаҳон банки томонидан 10,6 миллион доллар миқдорида грант ажратилди.
Ҳужжатга кўра, грантнинг 9,6 миллион доллари газ йўқотишларини камайтириш чораларига, қолган қисми эса мониторинг ва лойиҳани бошқаришга йўналтирилади. Аввал ўтказилган тадқиқотлар давомида "Ўзтрансгаз" АЖга қарашли объектларнинг 1000 дан ортиқ нуқтасида газ сизиб чиқиши аниқланган. Уларнинг умумий ҳажми 35 миллион куб метргача баҳоланган.
Лойиҳа "Ўзтрансгаз"нинг эскирган магистрал газ транспорти инфратузилмасини таъмирлаш ва табиий газ исрофгарчилигининг олдини олишга қаратилган.
Маълум қилинишича, зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб мамлакатда газ йўқотишлари 1,75 миллиард куб метрга, молиявий зарар эса 228 миллион долларга етиши мумкин.
Лойиҳани мувофиқлаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда "Ўзтрансгаз" вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ тузилган. Сизиб чиқишларни бартараф этиш орқали тежаб қолинган газ давлат тасарруфида қолади ва аҳоли ҳамда саноат корхоналари эҳтиёжларига йўналтирилади.

Изоҳлар мавжуд емас