Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. VEON халқаро телекоммуникация гуруҳи Ўзбекистонда Perfectum бренди остида ишлайдиган Rubicon Wireless компаниясининг 100 фоиз улушини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Битимнинг умумий қиймати қарийб 207 миллион долларни ташкил этади. Компания маълумотига кўра, қарз мажбуриятлари ҳам ушбу суммага киритилган, битимни октябрь ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.
VEON 19 октябрь куни эълон қилган маълумотга кўра, келишув Beeline Uzbekistan компаниясининг телекоммуникация бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, тармоқ имкониятларини кенгайтириш ва 5G технологиясини жорий этишга хизмат қилади.
Битим шартларига кўра, Perfectum ҳисобидаги тахминан 93 миллион долларлик мавжуд молиявий қарзи ҳам умумий қиймат ҳисобида инобатга олинган. Компания учун тўланадиган маблағ VEON компаниясининг мавжуд пул маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Битим учун зарур регулятор рухсатлари олингани ва уни якунлаш октябрь охирига режалаштирилгани маълум қилинган.
Perfectum активлари орасида 850 МГц ва 3800 МГц частота диапазонларидаги жами 115 МГц радиочастота ресурси, замонавий тармоқ ускуналари ва инфратузилма мавжуд. Компания, шунингдек, Nokia ускуналари асосида қурилган мустақил 5G тармоғига эга.
VEON маълум қилишича, ушбу активларни бирлаштириш Beeline Uzbekistan радиочастота ресурсларини қарийб 50 фоизга оширади. Бу тармоқ қамрови ва сиғимини кенгайтириш, 4G/LTE хизматларини ривожлантириш, 5G технологиясини жорий этиш ҳамда уйлар ва бизнес учун симсиз кенг полосали интернетни кенгайтириш имконини беради.
Компаниялар тармоқларни бирлаштириш орқали келгуси инфратузилма инвестицияларининг самарадорлигини ошириш, капитал ва операцион харажатларни қисқартиришни ҳам режалаштирмоқда.
VEON бош ижрочи директори Каан Терзиўғлу Ўзбекистонни гуруҳнинг асосий ўсиш бозорларидан бири деб атаган Унинг сўзларига кўра, Perfectum активларини сотиб олиш мамлакатнинг рақамли келажагига ишончни ва телекоммуникация инфратузилмасига узоқ муддатли сармоя киритиш ниятини акс эттиради.
Beeline Uzbekistan бош директори Евгений Настрадин эса қўшимча частота ресурслари тармоқ қамрови ва сиғимини яхшилаш, 5G хизматларини йўлга қўйиш ҳамда хонадонлар ва корхоналар учун симсиз интернетни ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидлаган.
Perfectum компаниясининг Beeline Uzbekistan таркибига қўшилиши мамлакат телекоммуникация бозорида активларнинг йирик операторлар атрофида жамланишини кучайтириши мумкин. Бу Beeline учун қўшимча частота ресурслари ва тайёр тармоқ инфратузилмасини беради.
Бироқ битимнинг истеъмолчилар учун аниқ натижаси — интернет тезлиги, алоқа қамрови, хизматлар нархи ва бозордаги рақобатга таъсири — активлар бирлаштирилгандан кейин намоён бўлади. VEON эълонида хизматлар нархи пасайтирилиши ёки тарифлар ўзгариши бўйича аниқ мажбуриятлар келтирилмаган.
VEON 150 миллиондан ортиқ алоқа абоненти ва 228 миллиондан зиёд рақамли хизматлар фойдаланувчисига эга халқаро рақамли оператор ҳисобланади. Beeline Uzbekistan эса 2006 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритади ва VEON гуруҳи таркибига киради.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида тадбиркор Фарҳод Маматжонов Perfectum бренди остида мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи Rubicon Wireless Communication компаниясининг 50 фоизини сотиб олишга рухсат олганди. Аввалроқ оператор негизида хорижий ҳамкорлар, жумладан, Британиянинг Vodafone компанияси иштирокида янги лойиҳани ишлаб чиқиш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас