Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарё вилоятида танишига шаҳвоний шилқимлик қилиб, унга тегажоғлик қилган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Маълум бўлишича, 39 ёшли эркак спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда оқолтинлик ярмарка сотувчиси бўлган аёлнинг ёнига бориб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган ва жинсий алоқа қилишни таклиф этиб, безорилик содир этган.
Жабрланувчи аёл бундан норози бўлиб, дарҳол Ички ишлар органларига мурожаат қилган ва ходимлар ҳолатни ўрганиб чиқиб ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41¹-моддаси (шаҳвоний шилқимлик) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирган ҳамда тегишли ҳужжатларни судга тақдим этган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар мазкур хатти-ҳаракатларни мастлик ҳолатда содир этганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
Бироқ жабрланувчи аёл эркакка нисбатан қонун доирасида қатъий чора кўрилишини, келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун унга нисбатан жиддий жазо тайинланишини сўраган.
Суд мажлисида барча ҳолатлар ва томонларнинг кўрсатмалари кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.
Олдинроқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 75 ёшли аёлга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар содир этган йигит 15 суткага маъмурий қамоққа олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас