Загрузка
Загрузка
Хусусий таълим муассасаларида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус лавозимлар жорий этилади
Жамият

Хусусий таълим муассасаларида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус лавозимлар жорий этилади

15
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  ​​Жорий ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги хусусий олий таълим муассасалари, мактаблар ва ўрта махсус таълим ташкилотларида ўз маблағлари ҳисобидан ички ишлар органлари ходимлари учун алоҳида лавозимлар ташкил этишга рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамаси учун порталга жойлаштирилган тегишли низом лойиҳасида кўзда тутилган.

Тақдим этилган қарор лойиҳасига кўра, нодавлат таълим ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобидан хусусий олий таълим муассасаларида профилактика катта инспектори ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, хусусий мактаблар ва ўрта махсус таълим ташкилотларида эса вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ёки катта инспектор-психолог лавозимларини очишлари мумкин бўлади.

Мазкур лавозимларга ходим ажратилишини таъминлаш учун таълим ташкилоти ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиши лозим бўлиб, шундан сўнг томонлар ўртасида тегишли шартнома тузилади ва янги штат бирликлари ички ишлар вазирининг буйруғи асосида иш бошлайди. Бўш лавозимларни малакали ходимлар билан тўлдириш учун ҳудудий ички ишлар органларига 30 кунлик муддат белгиланади.

Лойиҳага мувофиқ, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик, буллинг, гиёҳвандлик ҳамда экстремистик ғоялар таъсирининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.

Шунингдек, улар мактаб маъмурияти, амалиётчи психологлар, ўқитувчилар, ота-оналар ва маҳалла вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, мураккаб вазиятларга тушиб қолган ўқувчилар билан якка тартибда ишлайди ҳамда ўқувчиларнинг хулқ-атворидаги салбий ўзгаришлар, оилавий муаммолар ва дарсга сабабсиз қатнашмаслик ҳолатларининг сабабларини ўрганади.

Шу билан бирга, ҳужжатда ҳар йили 15 сентябрдан 15 октябрга қадар олий таълим муассасаларида "Талабалар хавфсизлиги" ойлигини ўтказиш белгиланган. Ушбу муддат давомида талабаларнинг дарсларга қатнашиши, талабалар турар жойлари ва ижарада яшовчи ёшларнинг яшаш шароитлари тўлиқ ўрганиб чиқилади, ўқув биноларига хавфли буюмларни олиб киришнинг олдини олиш, бегона шахсларнинг мақсадсиз киришига йўл қўймаслик, талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларни ўз вақтида аниқлаб, уларга ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар бажарилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда профилактика инспекторларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш таклиф этилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...