Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айтишича, қозоғистонлик собиқ банкир ва мухолифатчи Муҳтар Аблязов 2020 йилда унга қўшни мамлакатда давлат тўнтаришини ташкил этишда ёрдам беришни таклиф қилган. Жапаров таклифни рад этганини ва Қозоғистоннинг ички сиёсатига аралашишни истамаганини айтган.
Жапаровнинг сўзларига кўра, Аблязов телефон орқали суҳбат давомида Қирғизистондаги сиёсий ўзгаришларни мақтаган ва Қозоғистонда ҳам шундай воқеаларни ташкил этиш учун Бишкекка келишини билдирган.
"У менга қирғизлар учинчи инқилобни амалга оширганини айтиб, ёрдам сўради. Қозоғистонда инқилоб ташкил қилиш учун Бишкекка келишини айтди. Мен эса қўшни давлатлар сиёсатига аралашмаслигимни ва Қозоғистон билан муносабатларни бузмаслигимни билдирдим", — деган Жапаров.
Қирғизистон президенти шунингдек, Аблязовнинг 2020 йил октябрь воқеалари пайтида ундан пул сўрагани ҳақидаги даъвосини рад этган. Жапаров бундай гапларни ёлғон деб атаб, ундан ҳеч қандай маблағ сўрамаганини таъкидлаган.
Муҳтар Аблязов — Қозоғистоннинг собиқ банкири ва мухолифатчи сиёсатчиси. У ватанида бир қатор жиноятлар, жумладан, тахминан 6 миллиард доллар маблағни ўзлаштириш билан боғлиқ ишлар бўйича судланган. 2018 йилда у Қозоғистонда қотиллик иши бўйича сиртдан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.
Аввалроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий разведка соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас