Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 19 октябрь куни Ўзбекистонда Google Pay тўлов хизмати расман фаолият бошлади. Бу ҳақда Тошкентда ўтказилаётган C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида Google Cloudнинг давлат органлари билан ишлаш (GR) директори Марчин Красуски маълум қилди.
Google компаниясининг расмий манбаларига кўра, Ўзбекистон Google Pay хизмати амал қиладиган давлатлар рўйхатига киритилган.
Google Pay — Android тизимидаги смартфонлар орқали банк карталари билан контактсиз тўловни амалга ошириш имконини берувчи сервис ҳисобланади. Фойдаланувчи ўз банк картасини Google Wallet иловасига улайди ва NFC модули орқали дўконлардаги терминалларга телефонни яқинлаштириб тўлов қилади. Ушбу хизмат орқали веб-сайт ва иловаларда карта маълумотларини қайта киритмасдан харидларни амалга ошириш мумкин. Аммо хизматнинг тўлиқ ишлаши банкларга боғлиқ бўлиб, ҳар бир банк ўз карталари учун Google Pay интеграциясини босқичма-босқич йўлга қўяди.
Шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтган икки томонлама музокаралар якунида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Ой, Марс, кометалар ҳамда астероидларни тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгиловчи "Артемида" (Artemis Accords) битими имзоланган.
Ҳужжатни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Ўзбекистон вакиллари имзолашди. Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон "Артемида" битимларини имзолаган 77-давлатга айланган.
Ушбу битим Ўзбекистоннинг NASA ва бошқа иштирокчи давлатларнинг космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, соҳада миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда замонавий космик технологиялар трансфери учун янги имкониятларни очади.
Ташриф давомида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни ва иқтисодий салоҳиятига юқори баҳо берди. У Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга таянчи деб атар экан, мамлакатдаги ЯИМ ўсиши қарийб 8 фоизни ташкил этаётганини ва АҚШ бу ижобий тенденцияни қўллаб-кувватлашини таъкидлаган.
Рубионинг сўзларига кўра, сўнгги 20 йилда Вашингтон минтақага етарлича эътибор қаратмаган ва эндиликда бу вазият ўзгараётганининг белгиси сифатида C5+1 учрашуви Тошкентда ўтказилмоқда.
АҚШ делегацияси таркибида 200 га яқин Америка компаниялари вакиллари ҳам бор бўлиб, форум якунида йирик келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат котиби Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони жуда юқорилиги уни ҳайратда қолдирганини ва томонлар Маями ҳамда Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилишаётганини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марко Рубио Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича миллиардлаб долларлик келишувлар кутилаётганини айтганди.

Изоҳлар мавжуд емас