Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EТТБ) "Ўзбекистон темир йўллари"га 38,4 миллион еврогача кредит ажратади. Маблағлар поездлар ҳаракатини бошқаришнинг рақамли тизимларини жорий этиш ва миллий темир йўл операторининг киберхавфсизлигини модернизация қилишга йўналтирилади.
Бу ЕТТБнинг Ўзбекистон давлат секторидаги миллий темир йўл операторини рақамлаштиришга қаратилган биринчи лойиҳасидир. "Ўзбекистон темир йўллари" 6,9 минг километр узунликдаги тармоқни бошқаради ва мамлакат юк ташишининг 40 фоизини таъминлайди. Маблағлар диспетчерлик, режалаштириш ва ҳаракатни тезкор бошқариш учун дастурий таъминотни жорий этишга, шунингдек, киберҳимоя тизимларини модернизация қилишга йўналтирилади.
Рақамли трансформация дастури қўлда бажариладиган жараёнларнинг самарасизлигини бартараф этиш, ташишларнинг ишончлилиги ва хавфсизлигини ошириш, шунингдек, янги саноат стандартларини ўрнатишга қаратилган. Киберхавфсизлик бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар халқаро амалиётга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари, ташаббуснинг амалга оширилиши Каспиёрти транспорт йўлаги бўйлаб юк ва йўловчи поездларининг янада узлуксиз ҳаракатланишига хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар EТТБ 210 та лойиҳа доирасида Ўзбекистонга қарийб 6,9 миллиард доллар сармоя киритди, уларнинг салмоқли қисми хусусий бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Сўнгги олти йил ичида республика Марказий Осиёда EТТБнинг энг йирик молиялаштирувчисига айланди.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва ЕТТБ ўртасида 17 июнь куни бўлиб ўтган 5-Тошкент халқаро инвестиция форумида "Транспорт ва магистраль ҳаракатни бошқариш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда кибербарқарорликни ошириш" лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас