Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 18 июнь куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманида кучли ёмғирлар оқибатида тоғли ва тоғолди ҳудудларида сел оқими юзага келди. Ҳодисага тезкор муносабат билдириш мақсадида ички ишлар органлари, фавқулодда вазиятлар хизмати, Миллий гвардия, маҳаллий ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари воқеа жойига жалб этилди.
Маълум қилинишича, сел оқими Жум-Жум қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи тоғ сойи ўзани бўйлаб ҳаракатланган. Оқим "Жум-Жумсой" дам олиш маскани ва Нушкент маҳалласи атрофига етиб борган.
Хавфсизлик чоралари доирасида дам олиш масканида бўлган 32 нафар фуқаро ўз вақтида хавфсиз ҳудудга кўчирилган.


Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ. Шунингдек, турар жойлар, инфратузилма объектлари ёки чорва молларига зарар етмаган.
Бироқ сел оқими натижасида "Жум-Жумсой" дам олиш масканига олиб борувчи кўприк қисман шикастланган. Шунингдек, сел йўлида қолган икки дона Damas ва бир дона Gentra автомашинасига зарар етган.
Айни пайтда табиий офат оқибатлари тўлиқ бартараф этилган бўлиб, вазият мутасадди хизматлар назорати остида сақланмоқда.
Маълумот учун, 20–22 июнь кунлари кутилаётган ёғингарчиликлар сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас