Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида эркакнинг болани аёвсиз калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Ролик кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари зудлик билан тажовузкорнинг шахсини аниқлаб, уни ички ишлар бўлимига олиб келишди ва вазиятга изоҳ беришди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, воқеа Шаҳрихон туманида содир бўлган. 18 июнь куни соат 15:05 да "102" қисқа рақамига 46 ёшли маҳаллий фуқаро мурожаат қилиб, 9 ёшли ўғлига тан жароҳати етказилганини маълум қилган. Воқеа жойига зудлик билан ички ишлар органлари ходимлари етиб бориб, текширув ишларини бошлаган.
Дастлабки суриштирув ишлари давомида 9 ёшли икки бола ўртасида жанжал келиб чиққани ва у муштлашувга айланиб кетгани аниқланган. Болалардан бирининг отаси, 37 ёшли эркак воқеага аралашган, бироқ болаларни ажратиш ўрнига бошқа болага бир неча марта зарба бериб, жароҳат етказган.
Эркакнинг шахси аниқланиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилиши учун ИИБга олиб кетилган. Ҳозирда Шаҳрихон тумани ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисанинг барча ҳолатлари синчковлик билан ўрганилмоқда ва натижаси бўйича барча иштирокчиларнинг ҳаракатларига қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилади.
Қўшимча маълумотлар текширув якунлари бўйича тақдим этилади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Фарғона вилоятида таълим муассасасида ўзбошимчалик билан жиноят содир этган шахс қўлга олинган эди. Ўғлининг ёнини олиб, уни хафа қилган синфдошини урган ва онасини аёвсиз калтаклаган.

Изоҳлар мавжуд емас