Загрузка
Загрузка
Қарийб 6 миллиард долларлик "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ-кимё мажмуаси металлоломга айланиши мумкинми?
Жамият

Қарийб 6 миллиард долларлик "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ-кимё мажмуаси металлоломга айланиши мумкинми?

10
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида барпо этилган қиймати 5,8 миллиард долларлик "Мустақилликнинг 25 йиллиги" (М25) газ-кимё мажмуаси хомашё етишмовчилиги сабабли фаолиятсиз қолиш ва улкан металлоломга айланиш хавфи остида турибди. Ижтимоий тармоқларда экспертлар томонидан кўтарилаётган ушбу масала "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти ва журналистлар учрашувларида негадир очиқланмаётгани соҳадаги энг йирик молиявий ва техник хатарлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг билдиришича, дастлабки режа ва рапортларда мазкур йирик мажмуа 2024 йилнинг май ойида ишга тушиши, 2025 йилдан бошлаб эса тўлиқ қувват билан ишлаши лозим эди. Завод Бойсун конларидан ҳар йили қазиб олинадиган 5 миллиард куб метр олтингугуртли газни қайта ишлашга мослаштирилган ва бу лойиҳа давлатнинг 2035 йилгача бўлган стратегик мастер-режасига ҳам киритилган. Бироқ 2024 йилнинг сентябрь ойи бошида Бойсундаги конда юз берган мудҳиш авария (газ сизиб чиқиши) ва ундан кейинги конларни ёпиш сценарийлари заводни хомашёсиз қолдирмоқда. 

Бакиров ҳозирда мамлакатда 4 миллиард долларлик бошқа бир йирик лойиҳа — GTL заводи учун ҳам етарли газ топиб берилмаётганини билдирган. Унинг айтишича, шундай бир шароитда, Бойсундаги заводни ишлатиш учун қаердан газ тортиб келиниши мавҳум бўлиб қолмоқда.

Жамоатчилик ва иқтисодчини ўйлантираётган энг асосий масала эса — ушбу лойиҳа учун жалб қилинган миллиардлаб долларлик қарз ва кредитларнинг тақдиридир. Агар конлардаги муаммолар сабабли 5,8 миллиард долларлик завод ишламай тўхтаб қолса, ушбу улкан қарзларни барибир кимдир тўлашига тўғри келади. Экспертнинг хавотирланишича, бундай вазиятда зарарларни қоплаш юки яна оддий аҳоли зиммасига — энергетика тарифларининг оширилиши ёки солиқларнинг кўпайтирилиши ҳисобига юкланиши мумкин. 

Ҳозирча "Ўзбекнефтгаз" ёки тегишли вазирликлар мажмуанинг истиқболи ва юзага келган хомашё тақчиллиги хатари бўйича расмий муносабат билдиргани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам Бойсун тумани аҳолиси яна газ конида сизиб чиқиш содир бўлганини маълум қилганди. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ҳавода кучли газ ҳиди бор, нафас олиш қийинлашган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...