Загрузка
Загрузка
Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда сақлаб қолди, аммо йиллик инфляция прогнози 7 фоизга кўтарилди
Иқтисод

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда сақлаб қолди, аммо йиллик инфляция прогнози 7 фоизга кўтарилди

24
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор бунга ички талабнинг юқорилиги, энергия ресурслари нархлари билан боғлиқ ташқи хатарлар ва айрим тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши инфляцион босимни сақлаб қолаётганини асос қилиб кўрсатди.

Марказий банк қатъий пул-кредит шароитларини давом эттириш инфляциянинг пасайишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган иккиламчи таъсирларни чеклаш учун зарур, деб ҳисобламоқда.

Янгиланган прогнозларига кўра, 2026 йил якунида умумий инфляция 7 фоиз атрофида шаклланади. 2027 йил охирига бориб эса уни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичгача тушириш кутилмоқда.

2026 йил сентябрь ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 6,4 фоизни ташкил этганди. Бу август кўрсаткичига нисбатан бироз юқори. Нархлар ўсишига мева-сабзавотлар, ёқилғи ва айрим хизматлар қимматлашиши таъсир кўрсатган.

Хизматлар инфляцияси йиллик ҳисобда 7 фоизгача тезлашган бўлса, базавий инфляция 5,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган.

Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари пасайган. Сентябрь ойида аҳоли нархлар ўсишини 8,7 фоиз, тадбиркорлик субъектлари эса 9,2 фоиз даражасида бўлишини кутган.

Марказий банк ташқи бозорларда озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкинлигини таъкидлаган. Бу омиллар импорт маҳсулотлари, ишлаб чиқариш ва транспорт харажатлари орқали ички нархларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,3 фоизга ўсган. Бунда саноат, қурилиш ва хизматлар соҳалари асосий ўсиш омиллари бўлган.

Инвестиция фаоллиги ва аҳоли реал даромадларининг ўсиши ички талабни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк жорий йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини қайта кўриб чиқиб, уни 8 фоиз атрофида белгилаган.

Бироқ регулятор ялпи талаб ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори шаклланаётганини ҳам қайд этган. Бу эса талаб билан боғлиқ инфляцион босим сақланиб қолиши мумкинлигини англатади.

Шунингдек, миллий валютадаги депозитлар ва кредитлар бўйича реал фоиз ставкалари ижобий даражада сақланаётганини таъкидлаган. Регулятор фикрича, бу сўмда жамғариш жозибадорлигини қўллаб-қувватлаб, умумий талабнинг иқтисодиёт ишлаб чиқариш имкониятларига яқинлашишига хизмат қилади.

Асосий ставка бўйича кейинги қарор инфляция динамикаси, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари, ички талаб ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларга қараб қабул қилинади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани қайта кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 16 декабрга белгиланган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...