Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда ичак инфекцияси аломатлари билан шифохонага ётқизилган қозоғистонлик футболчилар ва уларнинг ҳамроҳлари сони 18 нафарга етди. Уларнинг 10 нафари даволаниб, шифохонадан чиқарилган. Ҳозирда 6 нафар бола ва 2 нафар катта ёшли фуқаро пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида даволанишни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, 2 ноябрь куни соат 17:00 да Тошкентдаги 5-сонли шаҳар клиник шифохонасига яна бир бола ётқизилган. Шу тариқа, шифохонага жойлаштирилган Қозоғистон фуқаролари сони 18 нафарга етган. Улар орасида 12 нафар бола ва 6 нафар катта ёшли киши бор.
3 ноябрь ҳолатига кўра, даволанишдан кейин аҳволи яхшиланган 6 нафар бола ва 4 нафар катта ёшли бемор шифохонадан чиқарилган. Қолган саккиз кишининг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Улар шифокорлар назоратида зарур тиббий ёрдам олмоқда.
Элчихона маълум қилишича, беморларни даволаш жараёнида Ўзбекистон томони ҳамкорлик қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ва шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбари Ботир Исабеков иштирокида беморлар учун зарур шароитлар яратилган.
Қолган беморлар ҳолатини баҳолаш учун шифокорлар консилиуми ҳам ўтказилган. Элчихона маълумотида айтилишича, ёш футболчиларнинг соғлиғида ижобий ўзгариш кузатилмоқда. Ичак инфекцияси қўзғатувчиларини аниқлаш учун ПЦР усулидаги якуний таҳлиллар 3 ноябрь кечқурун тайёр бўлиши кутилган. Ҳозирча инфекциянинг аниқ сабаби ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, элчихона кўмагида 3 ноябрь куни Қозоғистоннинг 13 нафар фуқароси ватанига қайтган. Ташкентга спорт мусобақаларида иштирок этиш учун келган 95 нафар Қозоғистон фуқаросидан 12 нафари Ўзбекистонда қолган. Уларнинг саккиз нафари даволанишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятидан келган ёш футболчилар Тошкентдаги халқаро Dostlik Cup мусобақасида иштирок этаётган вақтда оммавий заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди.
Ота-оналардан бирининг сўзларига кўра, 31 октябрь куни Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида нонуштадан кейин болалар ва катталарда қорин оғриғи ҳамда тана ҳарорати кўтарилиши кузатилган.
2 ноябрь куни Қозоғистон томони 17 нафар фуқаро — 11 нафар бола ва 6 нафар катта ёшли киши шифохонага ётқизилганини маълум қилганди. Кейинчалик бу кўрсаткич 18 нафарга етди.
Аввалроқ Тошкент шаҳар Чилонзор тумани прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатгани хабар қилинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари туман ички ишлар органи тергов бўлинмаси томонидан олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас