Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида рекорд кўрсаткич қайд этилди. Мамлакат мустақилдан сўнг илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси йиғиб олди.
Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Билдирилишича, сув тежовчи технологияларнинг кенг жорий этилиши ҳамда кластер тизимининг самарадорлиги эвазига эришилган ушбу рекорд натижадан сўнг ҳам республикада пахта терими ишлари ҳали изчил давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистонда 4,5 миллион тонна пахта хомашёси етиштириш шартномавий режаси белгиланган эди.
Октябрь ойининг охирги ўн кунлигида 4,6 миллион тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олиниб, белгиланган режа 103 фоиздан зиёдга ортиғи билан бажарилгани хабар қилинганди.
Жорий мавсумнинг эътиборли жиҳатларидан бири — терим жараёнларини механикалаштириш даражасининг кескин ошгани бўлган.
Хусусан, энг юқори кўрсаткич Жиззах вилоятида қайд этилиб, пахта ҳосилининг 98,5 фоизи замонавий машиналар ёрдамида териб олинган бўлса, Сирдарё вилоятида ушбу кўрсаткич 94,2 фоизни, Тошкент вилоятида эса 81,2 фоизни ташкил этган.
Ҳозирда далаларда қолган ҳосилни тўлиқ ва ёмғирли кунларга қолдирмай йиғиб олиш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас