Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ижарага олинган хонадонда ташкил этилган нарколаборатория аниқланди. У ердан 3,5 килограмм гашиш мойи, тарқатиш учун қадоқланган гиёҳвандлик моддалари, шунингдек, таркибига гашиш мойи қўшилган печенье ва мармеладлар олиб қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига алоқадорликда гумонланаётган икки нафар фуқаро аниқланган.
Улардан бири интернет-дўкон орқали тарқатиладиган гиёҳвандлик воситаларини яшириб қўювчи шахс сифатида фаолият юритган. У Яшнобод туманида қўлга олинганида, 58 та ўрамга жойланган 74 грамм гашиш мойи ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Тергов давомида гумонланувчи гиёҳвандлик моддаларини мунтазам равишда бошқа бир шахсдан олиб тургани аниқланган. У улгуржи етказиб берувчи вазифасини бажаргани айтилмоқда.
Нарколаборатория Чилонзор туманидаги "Дўмбиробод" маҳалласида ижарага олинган хонадондан аниқланган.
Тезкор тадбирда у ердан 3,5 килограмм гашиш мойи, тарқатиш учун 361 та ўрамга қадоқланган 350 грамм гашиш мойи, гашиш ва гашиш мойи аралашмаси, 600 грамм гашиш, таркибига 1,5 килограмм гашиш мойи қўшиб тайёрланган печенье, гашиш мойи қўшилган тўрт қути мармелад ва гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун мўлжалланган ускуна ва материаллар олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу норма гиёҳвандлик воситаларини сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш, қайта ишлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, шунингдек, уларни ноқонуний сотиш учун жавобгарликни назарда тутади.
Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас