Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил ноябрь ойида истеъмол нархлари ўртача 0,7 фоизга ошди, йиллик инфляция эса 107,5 фоизни ташкил этди. Ой давомида нархлар энг кўп озиқ-овқат маҳсулотларида ўсган. Бу борада иқтисодчи Бакиров нарх-наво ўсишининг асосий сабабини айтиб ўтди.
Ноябрь ойидаги инфляцияга энг катта таъсир мавсумийлик билан боғлиқ, асосан сабзавотлар ва мевалар нархида кескин ўсиш кузатилган.
Бодринг 96,0 фоизга, помидор 82,2 фоизга, булғор қалампири 61,2 фоизга, бақлажон 51,7 фоизга ошган. Хусусан, мос равишда узум 12,1 фоиз, анор 7,9 фоиз, товуқ тухуми 2,4 фоиз, қўй гўшти 0,8 фоиз, мол гўшти (суяксиз гўштдан ташқари) 0,3 фоизга қимматлашган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида сабзи (-26,1фоиз), шолғом (-7,1 фоиз), барча навдаги гуруч, гуруч оқишоғи (-4,5 фоиз), ловия (4,2 фоиз), шакар (-2,9 фоиз), пиёз (-2,5 фоиз), банан (-1,3 фоиз) ҳамда парранда гўшти (-1,2 фоиз) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшган.
Маълумотлар 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 90 турдаги хизматлар нархларини 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар қайд этиш орқали тўпланган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бу маълумотлар фонида танқидий фикр билдириб, бунга асосий сабаб сифатида иссиқхоналарнинг газдан узилишини келтирган:
"Экологик кризисга етаклаган энергокризис фонидаги мавсумий қимматчилик, қаҳратон қиш яқинлиги ва тарифларнинг ўсаётгани ноябрь ойи инфляциясини белгилаб берган.
Худди ўтган ойда бўлгани каби газдан узилган иссиқхоналарда (уларнинг айримлари ноябрь охирида газга қайта улана бошлади) етиштириладиган помидор, бодринг, булғор қалампири ва бақлажонлар нарх ўсиши мусобақасига киришишган. Фақат бу сафар энергободринг деярли 2 карра қимматлаб, мутлақ етакчи бўлган".

Изоҳлар мавжуд емас