Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда бир неча фуқаронинг ҳаракатланаётган транспорт воситасидан танасини чиқариб, рақсга тушгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида мазкур ҳайдовчи ва йўловчиларнинг шахси аниқланиб, уларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилди.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан баёнот бериб, йўл ўйин майдони эмаслигини эслатиб ўтган ҳамда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл маданиятига қатъий риоя қилишларини сўраган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган суҳбатдан сўнг, қонунбузарликни содир этган фуқаролар ўз қилмишларидан пушаймон эканликларини билдиришган.
Хусусан, воқеа содир бўлган куни рулда бўлган ҳайдовчи ва машинадан танасини чиқариб ҳаракатланган йўловчилар ўз тушунтиришларида бундай ҳаракатларнинг нақадар хавфли эканини аввал англаб етмаганини, қилмишлари полиция олдида жавобгарликка сабаб бўлишини билмаганини айтиб, жамоатчиликдан узр сўрашган. Шунингдек, улар бошқа фуқароларга ҳам инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавфли бўлган бундай ҳаракатларни ҳеч қачон такрорламасликни маслаҳат беришган.
Бундан олдин ҳам ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган ноодатий тўй кортежи иштирокчилари ЙҲХБ томонидан аниқланиб, қонуний чора кўрилганди.

Изоҳлар мавжуд емас