Загрузка
Загрузка
Жанубий Кореягa юборишни ваъда қилган фирибгарлар тузоғига яна 56 нафар ўзбекистонлик тушди
Ҳодисалар

Жанубий Кореягa юборишни ваъда қилган фирибгарлар тузоғига яна 56 нафар ўзбекистонлик тушди

31
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ҳудудларида сохта ваъдалар билан фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Жанубий Кореяга иш ва ўқишга юборишни ваъда қилган бир гуруҳ фирибгарлар қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг маълум қилишича, мазкур жиноий ҳаракатлар оқибатида жами 56 нафар ўзбекистонлик фирибгарлар қурбонига айланган.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар давомида жиноятчиларнинг умумий ҳисобда 280 минг доллардан ортиқ маблағни ноқонуний равишда қўлга киритгани аниқланган. Энг йирик қонунбузарлик ҳолати Фарғона вилоятида қайд этилган. 

Муқаддам судланган фуқаро 10 нафар шахсни Кореяга юбориш эвазига 55 000 доллар сўраб, шундан 4 000 долларини олаётганда ушланган бўлса, суриштирувлар давомида унинг яна 46 нафар фуқародан жами 196 650 доллар ундиргани фош бўлган. 

Шунингдек, ушбу вилоятда яна икки нафар шериклар ҳам икки фуқарони ўқишга юбориш эвазига 9 600 доллар талаб қилиб, бўнак олаётган вақтларида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга тушган.

Бу каби фирибгарлик схемалари республиканинг бошқа вилоятларида ҳам кенг илдиз отгани маълум бўлган. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида фуқаро юқори лавозимдаги танишларини рўкач қилиб, Кореяга ишга юбориш учун 10 250 доллар сўраган ва пулни бир қисмини олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган. 

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида бир шахс виза олиб бериш ваъдаси билан 6 000 доллар, Самарқанд вилоятида эса бир фуқаро икки кишига ишчи визаси расмийлаштириш эвазига 12 000 доллар талаб қилиб, олдиндан пул олаётган пайтларида қўлга олинган. Навоий вилоятининг Конимех туманида ҳам худди шундай усул билан миграция агентлигидаги танишлари орқали ишга юборишни ваъда қилган инсон 1 000 доллар билан ушланган.

Сирдарё вилоятида эса бир йўла иккита ҳолатга чек қўйилган. Биринчи вазиятда фуқаро миграция агентлиги ходимлари ёрдамида ишга жойлаштиришни ваъда қилиб 1 900 доллар ва 1,2 миллион сўм олаётганда қўлга олинган бўлса, иккинчи ҳолатда муқаддам судланган гумонланувчи фуқаролардан бирига сохта спорт визаси расмийлаштириш орқали Кореяга юборишни ваъда қилиб, 1 300 доллар ва 2,4 миллион сўмни қабул қилиб олаётган пайтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинган. 

Ҳозирда мазкур ҳолатларнинг барчаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Бундан олдин ҳам Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан 90 миллион доллар йиғиб олган ноқонуний схема фош этилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...