Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 2025 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамаларда ижтимоий соҳага қаратилган эътибор алоҳида қайд этилиб, хусусан, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида бюджет харажатларининг 11,9 фоизи ёки 45,5 триллион сўм маблағ йўналтирилгани Янги Ўзбекистоннинг "ижтимоий давлат" мақомига мос келиши таъкидланди.
Шу билан бирга, халқ вакиллари бюджет ижросидаги қатор камчиликларни кескин танқид остига олганлар. Депутатлар эътирозига сабаб бўлган асосий омиллар қаторида маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилмаслиги алоҳида қайд этилган. Жумладан, Олий таълим, фан ва инновациялар, Спорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Энергетика вазирликлари томонидан ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағлар режага нисбатан тўлиқ ишлатилмаган.
Бундан ташқари, молиявий қоидабузарликлар ҳам танқидга сабаб бўлган. Ички аудит хизматлари томонидан 827,3 миллиард сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларнинг олди олинган бўлса-да, бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва камомад ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Депутатлар бюджетдан ташқари жамғармаларнинг молиявий айланмаларида очиқликни таъминлаш ҳамда молиявий назоратни кучайтириш зарурлигини билдириб, соҳада рақамлаштириш жараёнларини кескин тезлаштириш ва ички аудит сифатини ошириш лозимлигини таъкидлаганлар. Мажлис якунида Қонунчилик палатасининг мазкур ҳисобот юзасидан тегишли қарори қабул қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас