Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Бейкерсфилд шаҳрида қуролланган ва танасига бомба ўрнатиб олган эркак банк биносини эгаллаб, одамларни гаровга олди. Мазкур ҳодиса 2 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида шаҳар марказидаги молия муассасасида содир бўлди.
Воқеа жойига SWAT махсус бўлинмаси, портловчи моддалар бўйича мутахассислар, кинологлар ҳамда Фидирал қидирув бўлими музокарачилари жалб этилган. Бир неча соат давом этган музокаралар натижасида икки нафар гаровдаги шахс озод қилинган: биринчиси соат 17:00 атрофида, иккинчиси эса кечқурун соат 21:00 дан кейин қўйиб юборилган.
Ҳозирги вақтда бино ичида яна қанча одам қолгани номаълум бўлса-да, уларнинг аҳволи қониқарли экани ва махсус хизматлар жиноятчи билан доимий телефон алоқасида экани маълум қилинган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида воқеа жойи тўлиқ ўраб олинган, атрофдаги бизнес объектларидан эвакуация ўтказилди ҳамда мэрия ва полиция штаб-квартираси каби муҳим маъмурий биноларга кириш вақтинча тўхтатилган.
JPMorgan Chase холдинги вакили тергов билан ҳамкорлик қилинаётганини ва асосий мақсад инсонлар хавфсизлигини таъминлаш эканини билдирган. Бейкерсфилд шаҳри мери Карен Гох фуқароларни махсус хизматлар ишига халақит бермаслик учун шаҳар марказидан узоқроқ юришга чақирган. Айни дамда жиноятчи ҳали қўлга олинмаган, унинг аниқ талаблари ёки ҳаракатларининг мотивлари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.

Изоҳлар мавжуд емас