Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда суғурта агентлари фаолиятини тартибга солувчи янги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат агентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек улар фаолияти устидан назорат тартибини белгилайди.
Янги тартибга кўра, суғурта агенти ва суғурталовчи ўртасидаги агентлик битими бир кун ичида Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт. Шундан сўнг агентга махсус ID рақам берилади.
Низомга мувофиқ, суғурталовчилар ўз агентлари фаолиятини ҳар олти ойда камида бир марта мониторинг қилиши лозим. Шунингдек, агент орқали тузилган шартномалар бўйича воситачилик ҳақи суғурта мукофотининг 25 фоизидан ошмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги инсофсиз суғурта агентлари реестрини юритади ва уни очиқ эълон қилиб боради.
Ҳужжатда банк кредити билан боғлиқ суғурта шартномаларини расмийлаштиришда суғурта компаниясини танлаш ҳуқуқи мижозда сақланиб қолиши ҳам мустаҳкамланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 29 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишганди. Учрашувда аҳолини оғир ҳаётий вазиятларда даромадсиз қолиши ва камбағалликка тушиб қолишининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас