Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон ўз миллий валютаси - сўмга эга бўлишига қарамай, долларли мамлакатлигича қолмоқда. Гап машина, хонадон ва бошқа қимматбаҳо буюмлар кўпинча Америка валютасига сотиб олинишида ҳам эмас.
Асосийси шундаки, ўзбекистонликлар сўмга ишонмай, ўз жамғармаларини долларда сақлашни афзал кўришади. Шу сабабли, ватандошларимиз нафақат ўз фаровонлиги, балки дўконлардаги нархларга бевосита таъсир кўрсатадиган долларнинг айирбошлаш курсига жуда катта эътибор беришади.
Batafsil.uz мухбири жорий йилда Америка валютасидан нималарни кутиш мумкинлигини билиш учун Ўзбекистоннинг таниқли иқтисодчилари билан суҳбатлашиб чиқди.
Абдулла Абдуқодиров
Сумманинг долларга нисбатан курси 11000-11500 сўм атрофида қолади. Бунинг бир нечта сабаблари мавжуд бўлиб, улардан бири - мамлакат иқтисодиётининг нисбатан барқарор ривожланишидир. Ташқи қарз бошқарилиб келмоқда. Аммо тўсатдан, “де-юре” мавжуд бўлган, лекин амалда тан олинмаган, масалан фойдаланилган табиий газ учун “Лукойл” олдидаги 600 миллион долларга тенг каби қарзлар юзага келмаслиги учун "ташқи" атамасини тўғри таърифлаш ва кўрсаткичларни белгилаб олиш лозим.
Айирбошлаш курсига таъсир кўрсатадиган иккинчи мезон - ташқи савдонинг ривожланиши ва экспортнинг ўсишидир. Бундан ташқари, ишчи кучи экспортидан олинаётган даромад миқдори сақланиб қолмоқда. Мазкур кўрсаткич тобора ортиб боради.
Ташқи савдо фаол ривожланиб, экспорт ҳам аста секинлик билан бўлсада, илгарилаб бормоқда. Асосий экспорт позициялари бўйича нархларнинг кескин пасайиши учун кучли таҳдидлар мавжуд эмас. Алоҳида позициялар учун нархнинг пасайиши бошқа драйверлар томонидан осонликча қопланмоқда.
Долларнинг сўмга нисбати шаклланишига таъсир этувчи яна бир омил - бу солиқларнинг талаб даражасида бошкарилмаслигидан иборат.
Иқтисодиёт солиқ ислоҳотлари таъсиридан аста-секин ўнгланмоқда. Бироқ, солиқ бошқарувининг пастлиги ушбу жараённи секинлаштириши мумкин. Шунда кўплаб субъектлар яна сояга кетиб қолишади. Ниҳоят, импортни қисқартириш чоралари кўрилиб, шубҳали валюта операциялари устидан назорат чоралари кучайтирилади.
Фарход Қурбонбоев
Фаол ислоҳотлар пайти ва иқтисодиётга оид меъёрий ҳужжатларга киритилаётган ўзгаришлар даврида долларнинг сўмга нисбатан динамикасини фақатгина “агарда.., шунда...” шаклида башорат қилиш мумкин.
2019 йилни 1 долларга 8336,25 сўм курси билан бошлаб, 9507,56 сўм билан якунладик, яъни долларнинг ўсиши 14 фоизни ташкил этди. Марказий банк маълумотларига кўра, ўтган йили инфляция даражаси 15,2 фоизни ташкил этган. Шундан айирбошлаш курси динамикаси инфляцияга яқин бўлиб, 1,2 фоизга ортдда қолган холос.
Шунингдек, жорий йилда Ҳукумат ва Марказий банк томонидан инфляцияни 2021 йилда 10% ва 2023 йилда 5% гача камайтириш мақсадида инфляцияни фоизли сиёсат асосида бошқаришга ўтиш белгиланган. 2020 йил охирида иқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсига асосан Марказий банк инфляцияни 12-13,5% оралиғида бўлишини башорат қилмоқда.
Инфляцияни тартибга солиш билан боғлиқ вазифалар аниқ кўрсатилганлигини ҳисобга олсак, мавжуд муаммоларга қарамай республика иқтисодиёти катта имкониятларга эга ва доллар бошқа валюталар сингари кам ҳажмда бўлса ҳам, ўз қийматини пасайтириш тенденциясига эга. Жорий йил учун курснинг тахминий варианти 2019 тенденциясини давом эттиришдан иборат. Шу билан бирга, йил охирига келиб Америка валютасининг курси 105050 сўмдан 10750 сўмгача бўлиши мумкин.
Аммо шуни айтмоқчиманки, биргина инфляция ва миллий валюта масалаларига қараб турмаслик керак. Солиқларни мақбуллаштиришни давом эттириш, банк ставкаларини пасайтириш йўли билан бизнес учун кредитлар ажратиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратиш лозим.
Гап инфляциянинг ўзида эмас, инфляция пуллари қаерда ва нима мақсадда ишлатилаётганидадир. Агар улар самарали инвестиция лойиҳалари, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ижтимоий тадбирларни амалга ошириш учун ишлатилаётган бўлса - бу албатта яхши.
Мен илгари ҳам ёзганимдек, инфляция – салбий ҳолатдир, лекин ҳамма вақт ҳам эмас. Ислоҳот давридаги иқтисодиёт учун тахмин қиланадиган ва бошқариладиган инфляция албатта яхшиликни келтиради. Бошқарилмайдиган инфляциясиз ислоҳот қилинаётган иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни қилиш анча мушкул.
Юлий Юсупов
Курснинг ўзгаришини аниқ тахмин қилиш жуда мураккаб. Чунки бунга кўплаб омиллар таъсир кўрсатади.
Айирбошлаш курсини тахмин қилиш мен билган ишлардан энг истиқболсиз ва ношукуридир. Гап шундаки, айирбошлаш курсига кўплаб омиллар таъсир кўрсатиб, улардан аксариятини аниқ башорат қилишнинг имкони йўқ. Айримларини эса умуман башорат қилиб бўлмайди. Шунинг учун аниқ тахминлар эмас, сценарийлар ҳақида сўз юритиш маъқулроқдир.
Сўмнинг айирбошлаш курси валютамизнинг ташқи харид қобилиятини акс эттиради (қанча валюта ва шунга мувофиқ 100 минг сўмга қанча хориж маҳсулотларини сотиб олишимиз мумкин). Аммо ташқи харид қобилияти ички билан чамбарчас боғлиқ (ички бозорда 100 минг сўмга қанча маҳсулотни сотиб олиш мумкин).
Шунинг учун айирбошлаш курсининг асосий омилларидан бири - бу мамлакат ичида нархларнинг сўмда ошиши ҳисобланади. Ушбу икки параметр бир-бири билан яқиндан боғлиқ. Шундай қилиб, расмий маълумотларга кўра, 2019 йилда инфляция 15,2 фоиз, миллий валютанинг долларга нисбатан девальвацияси эса 13,9 фоизни ташкил этган. Шунга мувофиқ, 2020 йилда сўмнинг айирбошлаш курси ички нархлар ошиб боришига мутаносиб равишда ўзгаради, деб тахмин қилиш мумкин.
Марказий банк 2020 йилда инфляция даражасини 12-13.5 фоизгача пасайтириши мумкин. Агарда:
а) Марказий банк ички нархларнинг ўсишини тахмин қилинган параметрларга қадар пасайтира олса;
б) инфляция даражаси айирбошлаш курсидаги ўзгаришларнинг ягона омили бўлганида, 2020 йил охирида ушбу курснинг у ёки бу даражадаги қийматини 1 доллар учун 10600-10800 сўм атрофида бўлишини белгилашимиз мумкин.
Аммо, биринчидан, инфляция 12-13,5% гача тушишига ишониш қийин. Иккинчидан, валюта бозорига чет эл валютасининг келиши ва чиқишига таъсир кўрсатадиган, қолаверса шунга мувофиқ айирбошлаш курсига таъсир қиладиган кўплаб омиллар мавжуд.
Бозорга валютанинг келишига таъсир этувчи асосий омиллар:
– Марказий банк сиёсати. Масалан, 2019 йил ўрталарига қадар Марказий банк жаҳон бозорида олтинни сотиши орқали долларнинг ўсишига тўсқинлик қилиб, сўмнинг айирбошлаш курсини қўллаб-қувватлади. Аммо йилнинг иккинчи ярмида МБ ушбу сиёсатдан воз кечди ва доллар ошди (сўм тушди). Марказий банк 2020 йилда қандай ҳаракат қилишини айтиш қийин.
– Асосий савдо ҳамкоримиз ва ишчи кучимиз харидори бўлган мамлакатлар - Хитой, Россия ва Қозоғистоннинг валюта курслари ҳам юқорида кўрсатилган омиллар қаторига киради. Айнан мана шу давлатлардан бизга чет эл валютасининг асосий қисми кириб келади. Хитой юанининг барқарорлиги бўйича ташвиш бўлмасада, Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси нефть нархларининг дунёдаги ўзгаришига жуда боғлиқдир. Агар нефть нархи пасайиб кетса, рубль ва тенге долларга нисбатан тушиб кетади Натижада товар ва хизматлар экспортидан тушадиган даромаднинг қисқариши, шунингдек, ушбу мамлакатлардаги меҳнат мигрантларидан ҳам пул ўтказмалари (долларларда) миқдори камайиши аниқ. Шунга мувофиқ, сўмнинг девальвацияси (курснинг пайсаши) муқаррар. Нефть нархларининг ошиши эса тескари оқибатларни келтириб чиқаради.
– Нефть нархлари каби бизнинг асосий экспорт маҳсулотларимиз ҳисобланган (булар асосан хом ашё ресурслари) олтин, газ, уран, мис, пахта хом-ашёси (пахта, ип, мато)га бўлган жаҳон нархларини олдиндан тахмин қилиш қийин.
Шундай қилиб, агарда нефть, газ, олтин ва бошқа бир қатор хом-ашё товарлар нархи жаҳон бозорида сезиларли даражада ўзгармаса, шунингдек, Марказий банкнинг валюта бозорида олиб борадиган сиёсати олдиндагидек қоладиган бўлса, сўмнинг айирбошлаш курси ички нархларнинг ўсишига мутаносиб равишда ўзгаради, деб тахмин қилиш мумкин. Агарда 2020 йилда инфляция даражаси 2019 йилга нисбатан пасайишига ишонсак (умид қилсак), бу ҳолда сўмнинг бир доллар учун қиймати 11000 сўм даражасидан ошмаслиги керак. Аммо, такрорлаб ўтаманки, бу бошқа омиллар валюта курсига кучли таъсир(ёки бир-бировининг ўрнини босган ҳолатда) қилмаган тақдирдагина юз беради .
Изоҳлар мавжуд емас