Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида пул олди-бердиси устидаги низо аянчли якунланди. Тўрт нафар шахс ўз қариндоши ва унинг ўғлини дўппослаб, воқеа жойидан олиб кетган, натижада жабрланувчилардан бири вафот этган.
Ҳодиса 27 апрель куни соат 17:50 ларда "Боғишамол" маҳалласидаги автоювиш шохобчаси олдида содир бўлган. 37 ёшли шахс шериклари билан биргаликда, олдиндан зиддиятда бўлган амакиси ва унинг ўғлини уриб, тан жароҳати етказган. Сўнг жабрланувчиларни Gentra автомашинасига мажбурлаб ўтказиб, номаълум томонга олиб кетган.
Оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган 32 ёшли фуқаро кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 28 апрель куни вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан иш қўзғатилган бўлса, жабрланувчининг ўлими сабабли иш ушбу модданинг 3-қисми "д" бандига (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) қайта малакаланган.
Ҳозирда тўрт нафар иштирокчи процессуал тартибда қамоққа олинган ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоятида спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан келишмовчилик ҳам мудҳиш жиноят билан якунланганди.
Бешариқ туманида 58 ёшли эркак ўз танишини пичоқлаб ўлдирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас