Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 29 апрель куни, Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш бўйича тайёрланган тақдимотни кўриб чиқди. Унда мамлакатдаги мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва янги қувватларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳозирда мамлакатда 100 та гидроэлектр станция мавжуд бўлиб, умумий қувват 2,4 ГВт ни ташкил этади. Гидроэнергиянинг умумий электр ишлаб чиқаришдаги улуши 10–12 фоиз атрофида.
Тақдимотда 2026–2032 йиллар учун 73 та лойиҳа режалаштирилгани айтилган. Уларнинг қиймати 5,8 млрд доллар бўлиб, натижада 3,6 ГВт қўшимча қувват яратилади.
Жорий йилда 13 та ГЭС ишга туширилиши кутилмоқда. Шунингдек, Юқори Пском ва Сўх ГЭСлари каби йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Кичик ва микро ГЭСлар сонини кўпайтириш, ҳамда энергияни сақлаш учун гидро-тўплаш станцияларини қуриш режалари ҳам кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, сув иншоотларини рақамлаштириш ва дарё-канал бўйларини ободонлаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Бундан олдин Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлигида Хитой компаниялари билан эски шиналарни утилизация қилиш, техник углерод ишлаб чиқариш ва "яшил" энергетика соҳасидаги янги лойиҳалар муҳокама қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас