Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов томонидан ўзига нисбатан навбатдаги шикоят аризаси берилгани ва ушбу масала бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланганини маълум қилди.
Мазкур низо 2024 йилнинг декабрь ойида иқтисодчининг телеграм каналида эълон қилинган танқидий постлар билан боғлиқ. Вазир иқтисодчининг Avto24 иловаси (метан заправкалардаги навбатлар ҳақида) ҳамда Тошкент туманидаги электр энергияси узилишлари ("свет ўчиши") билан боғлиқ постларига ҳуқуқий баҳо беришни ва чора кўришни сўраган.
Тошкент шаҳар ИИББ 2026 йил 23 январда жиноят иши қўзғатишни рад этган. Бироқ орадан икки ой ўтиб, 2026 йил 25 мартда Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу рад этиш қарорини бекор қилган. Ҳозирда иш материаллари Яшнобод тумани ИИБга туширилган бўлиб, қайта кўриб чиқилмоқда.
Отабек Бакиров вазиятга изоҳ берар экан, шикоятга сабаб бўлган тизимли муаммолар ҳали ҳам долзарб эканига эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, деярли бир ярим йил аввалги танқидий чиқишларга нисбатан иш қайта очилган бўлса-да, амалда электр таъминотидаги узилишлар давом этмоқда (хусусан, иқтисодчи пост ёзаётган куннинг ўзида ҳам электр уч марта ўчганини қайд этган).
Ушбу вазият жамоатчилик фаоллари ва давлат мутасаддилари ўртасидаги танқид ва ҳуқуқий масъулият борасидаги навбатдаги резонансли ҳодисага айланиши кутилмоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатларининг натижаси бўйича расмий идораларнинг муносабати берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас