Загрузка
Загрузка
Президентга "Ўзбекнефтгаз"нинг ярим йиллик фаолияти бўйича ҳисобот берилди
Иқтисод

Президентга "Ўзбекнефтгаз"нинг ярим йиллик фаолияти бўйича ҳисобот берилди

27
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллик фаолияти ва йил якунига қадарги устувор вазифалари юзасидан ахборот берилди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг дастлабки олти ойида 11,5 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқарилган. Нефть, дизель ёнилғиси, авиа керосин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлган. Йил якунига қадар 1,1 миллион тонна автобензин, 983 минг тонна дизель ёнилғиси, 310 минг тонна авиа керосин, 606 минг тонна суюлтирилган газ ва қарийб 1,18 миллион тонна синтетик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

Ҳисоботда қайд этилишича, дунёдаги геосиёсий вазият таъсирида Марказий Осиё орқали амалга оширилаётган авиақатновлар сони ошиб бормоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг июль–декабрь ойларида авиа керосинга бўлган талаб 375 минг тоннани ташкил этиши ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга ўсиши кутилмоқда. Талабнинг асосий қисми маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари ҳисобига қопланади, қўшимча эҳтиёж учун эса Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардан импорт йўлга қўйилган. 

Шунингдек, "Ўзбекгеофизика" акциядорлик жамиятини модернизация қилиш доирасида кон-геофизика ускуналарини янгилаш ва замонавий 3D сейсмик мажмуани харид қилиш учун 38,8 миллион доллар йўналтириш режалаштирилгани маълум қилинган. АҚШнинг Schlumberger компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этилиб, унда суперкомпьютер, янги дастурий таъминот ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. 

Бу орқали йиллик 3D сейсмик тадқиқотлар майдони 1,8 минг квадрат километрдан 5 минг квадрат километрга, ўрганиш чуқурлиги эса 4,5 минг метрдан 8 минг метргача оширилиши, истиқболли геологик тузилмалар сони эса 19 тадан 30 тага етказилиши кўзда тутилган. 

Йиғилиш якунида давлат раҳбари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини нефть маҳсулотлари билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш, тармоқ корхоналарини технологик янгилаш, энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...