Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ноқонуний қум-шағал қазиб олишга қарши рейд вақтида экология бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатовга ҳужум қилинди. У ҳушсиз ҳолда топилиб, вилоят шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, воқеа 11 сентябрь куни Ғузор туманидаги "Қовчин" маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Тошпўлатовни тасодифан ўтиб кетаётган фуқаро ҳушсиз ҳолда топган ва уни шифохонага олиб борган.
Шунга ўхшаш ҳолат 7 сентябрь куни тунги вақтда мазкур маҳалланинг Араб қишлоғида ҳам қайд этилган. Экология инспекторлари ноқонуний қум-шағал қазиб олаётган шахсларни аниқлаб, уларнинг техникасини олиб қўйган.
Техника жарима майдончасига олиб кетилаётган вақтда ҳуқуқбузарлар инспекторларга қаршилик кўрсатган. Улар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирини калтаклаган ва олиб қўйилган техникани олиб қочган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бу воқеалар экологик назорат инспекторларига нисбатан сўнгги кунларда содир бўлган ҳужумлар фонида юз берган. Аввалроқ Сирдарёда ноқонуний электр қармоқлари билан балиқ овлаётган браконьерларга қарши тунги рейд вақтида экополиция инспектори Мирзо Ботировга ҳужум қилингани ва унинг ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Унинг жасади эртаси куни топилган.

Изоҳлар мавжуд емас