Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2027 йилдан шакар импортига йилига 300 минг тонна тариф квотаси жорий этилиши белгиланган. Бироқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот котиби Станислав Баграмовнинг айтишича, вазирлик ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда иштирок этмаган, унинг мазмуни билан эса фақат имзолангандан кейин танишган. Ҳужжат июль ойида қабул қилинган бўлса, вазирлик нега бир неча ойдан кейин ҳам қарор қандай тайёрлангани ва унинг асослари ҳақида маълумотга эга эмас?
Янги қоидаларга кўра, мазкур лимит ичимлик ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳамда бошқа озиқ-овқат тармоқлари ўртасида тенг тақсимланган. Квоталар ҳар йили ноябрь ойида тасдиқланиб, электрон аукционлар орқали тарқатилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ҳукумат йирик маҳаллий шакар заводларининг банк олдидаги қарз юкини енгилаштириш мақсадида қатор имтиёзлар тақдим этган.
Хусусан, "Ўзсаноатқурилишбанк" олдидаги кредитлар муддати беш йилга узайтирилиб, икки йиллик имтиёз берилган ва хомашё учун валюта кредитлари фоизларининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланган.
Шунингдек, корхоналар 2031 йилга қадар фойда солиғидан озод қилиниб, мулк солиғи ставкаси икки баравар камайтирилган. Бироқ, берилган имтиёзлар эвазига корхоналарга нисбатан қатъий давлат назорати ўрнатилган.
Заводлар ишлаб чиқарган маҳсулотини фақат товар-хом ашё биржаси орқали сотиши шарт, дивидендлар тақсимлаш эса қарзлар тўлиқ узилгунига қадар қатъиян тақиқланган.
Корхоналарда банк томонидан тайинланган молия директори лавозими жорий этилиб, унга вето ҳуқуқи берилди ҳамда видеокузатув тизимлари орқали доимий мониторинг ўрнатилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу чекловлар ва импорт квоталари шакар заводларини қўллаб-қувватласа-да, қайта ишловчи бизнес ва истеъмолчилар учун қўшимча харажатларга ҳамда маҳсулот нархининг ошишига олиб келиши мумкин.
Бироқ қарорнинг бозорга таъсирига оид муҳим саволлар очиқ қолмоқда. Импортга квота жорий этишдан мақсад нима? Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар рақобат шароитига қандай таъсир қилади? Импорт ҳажми чекланиши шакар нархига таъсир кўрсатадими? Бу саволларга жавоб олиш учун Batafsil.uz масъул идораларга сўров юборди.
Вазирлик ҳужжатни қабул қилишда қатнашмаган
Batafsil.uz Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот котиби Станислав Владимирович Баграмовдан квота жорий этилишининг иқтисодий асослари, уни тақсимлаш мезонлари ва бозорга эҳтимолий таъсири юзасидан изоҳ сўради.
Дастлаб вазирлик мазкур масалага қай даражада алоқадор эканини аниқлаштириш зарурлигини билдирган матбуот котиби кейинроқ қуйидаги жавобни берди:
«Ҳозир аниқлаштирдим: биз бундан хабардор эмасмиз.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мазкур ҳужжатни қабул қилишда иштирок этмаган. Ҳужжат имзоланганидан кейингина бизга шу таҳрирда келиб тушган».
Бу жавоб бир нечта саволни юзага келтиради. Биринчидан, вазирлик нима сабабдан қарорни тайёрлаш жараёнида иштирок этмаган? Иккинчидан, ҳужжат июль ойида қабул қилинганига қарамай, вазирлик унинг мазмуни ва асослари билан фақат имзолангандан кейин танишган бўлса, кейинги ойларда қарорнинг ижроси ва иқтисодий оқибатларини баҳолаш бўйича қандай ишлар амалга оширилган?
Ҳозирча вазирликнинг жавобида унинг жараёндан четда қолиши сабаблари очиқланмаган. Шунингдек, ҳужжатни қайси идора ишлаб чиққани, унинг лойиҳаси қайси ташкилотлар билан келишилгани ва квота ҳажми қандай ҳисоб-китоблар асосида белгилангани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ.
Рақобат қўмитаси ҳам ўз ваколатига кирмаслигини айтди
Масала юзасидан Рақобат қўмитасига ҳам мурожаат қилинди. Қўмита шакар импорти учун квота ҳажмини белгилаш ва уни жорий этиш унинг ваколатига кирмаслигини билдириб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига мурожаат қилишни тавсия қилди.
Қўмита кейинги изоҳида шакар импорти ва квота тартиби бошқа ваколатли идоралар иштирокисиз амалга оширилмаслигини, унинг ўзи эса шакарни товар-хомашё биржаси орқали сотиш жараёнига масъуллигини айтди. Қўмита импорт тартиби ёки чакана нархларни белгилаш учун масъул эмаслигини ҳам таъкидлади.
Шундай қилиб, квотани белгилашнинг аниқ иқтисодий асослари, қарор лойиҳасини тайёрлашда қайси идоралар қатнашгани ва масъулият қандай тақсимлангани ҳақидаги саволларга ҳозирча тўлиқ жавоб олинмади.
Қарор қандай асосда тайёрланган?
2019 йил 28 январдаги ПҚ–4135-сон қарорнинг 1-иловасида тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг ишчи органи сифатида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўрсатилган. Бу ҳужжат шакар импорти бўйича 2026 йилда қабул қилинган қарорни айнан шу вазирлик тайёрлаганини ўз-ўзидан исботламайди. Бироқ тариф квотасини жорий этиш жараёнида қайси идоралар иштирок этгани ва уларнинг вазифалари қандай белгиланганини аниқлаш заруратини юзага келтиради.
Batafsil.uz мазкур масала бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига қайта мурожаат қилиб, ҳужжатни тайёрлаш жараёни ва вазирликнинг унда иштирок этмагани сабабларига аниқлик киритишни сўради. Ҳозирча қўшимча жавоб кутилмоқда.
Вазирликнинг дастлабки изоҳи қарор қабул қилинишидаги идоралараро мувофиқлаштириш жараёни ҳақида саволлар туғдиради. Айниқса, импорт квотаси каби бозор таклифи, рақобат ва ишлаб чиқарувчилар харажатларига таъсир қилиши мумкин бўлган қарор бўйича иқтисодий ҳисоб-китоблар, масъул идоралар ва жамоатчиликка ахборот бериш тартиби очиқланиши муҳим.

Изоҳлар мавжуд емас