Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳри Миробод тумани, Нукус кўчасида жойлашган кўп қаватли турар жой мажмуаси ҳудудида фавқулодда ҳодиса юз берди. Гувоҳларнинг маълумотларига кўра, кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида жойлашган трансформатор ва унга туташ мебель ишлаб чиқариш цехида кучли ёнғин чиққан.
Воқеа жойидан тарқалган видеотасвирларда ертўладан чиқаётган аланга ва тутун орасида қолган фуқаролардан бирининг кийими ёниб кетгани ва атрофдаги кишилар уни ўчиришга шошилгани акс этган.
Гувоҳларнинг таъкидлашича, оғир куйиш жароҳатини олган фуқаро зудлик билан олиб келинган тез ёрдам машинасида шифохонага эвакуация қилинган.
Ҳодиса жойига Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув экипажлари етиб келиб, алангани тўлиқ бартараф этган.
Ҳозирда фавқулодда хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари, хавфсизлик қоидаларига риоя этилгани ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Ҳолат юзасидан "Ҳудудий электр тармоқлари" жамияти муносабат билдирди. Компания трансформатор пункти истеъмолчи балансида бўлиб, уларга тегишли эмаслигини билдирди. Ҳодиса дастлабки маълумотларга кўра, таъмирлаш вақтида фазалараро қисқа туташув юзага келиши оқибатида содир бўлган.
Ишларни олиб бораётган электр ходими ҳам Миробод туман электр таъминоти корхонаси ходими эмаслиги айтилган. Ҳодиса компания мутахассислари ва Ўзэнергоинспекциянинг шаҳар бошқармаси томонидан ўрганилган.
Олдинроқ Учтепада ёнғин содир бўлган уйдаги аёл қасддан ўлдирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас