Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси халқаро ҳамкорлар билан бирга Марказий Осиё ва Кавказ ортидаги компанияларга сармоя киритиш учун 500 миллион долларлик янги инвестиция жамғармасини ташкил этмоқда. Жамғарма маҳаллий корхоналарни молиялаштириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ва уларнинг экспорт бозорларига чиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
500 миллион долларлик капиталга эга Марказий Осиё ва Кавказ орти тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (CACPEF) минтақадаги истиқболли компанияларга узоқ муддатли капитал, технологик ечимлар ва соҳавий ресурсларни жалб қилиш, шунингдек, саноат тармоқларини барқарор ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Институционал инвесторлар бу ҳудудларнинг юқори иқтисодий салоҳиятини ҳамда Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик чуқурлашуви фонида юзага келаётган янги имкониятларни алоҳида эътироф этган.
Евроосиё тараққиёт банки Бошқаруви раиси ўринбосари Данияр Имангалиевнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳадаги иштирок банкнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган стратегик мақсадларига тўлиқ мос келган ва минтақа иқтисодиётига халқаро капитални самарали жалб қилишда муҳим ўрин тутган.
CACPEF туфайли маҳаллий корхоналар нафақат молиявий кўмак, балки халқаро инвестиция тажрибаси, замонавий технологиялар ҳамда янги экспорт бозорларига чиқиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур ташаббус Евроосиё тараққиёт банкининг Хитой ва Яқин Шарқ минтақасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Хусусан, банк 2026 йилнинг октябрь ойида Уммон Молия вазирлиги билан келишув имзолаб, Уммоннинг Евроосиё тараққиёт банки таркибига қўшилиш жараёнини бошлаган, шунингдек, Абу-Даби ва Гонконгдаги молиявий майдонларда ўз мавқеини мустаҳкамлаган.
Жамғарманинг ташкил этилиши транспорт инфратузилмаси, рақамлаштириш, яшил энергетика ва саноат соҳасидаги йирик интеграцион лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишига йўл очилди: Сенат муҳим шартномани маъқуллаганди.

Изоҳлар мавжуд емас