Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Анталия вилоятида кузатилган шиддатли ёмғир, кучли шамол ва торнадо ҳудудда жиддий талафотлар келтириб чиқарди. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида тўрт нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар мол-мулкидан айрилган.
Ёғингарчилик туфайли йўллар, иссиқхоналар ва экин майдонларини сув босган. Айниқса Каш ва Кумлужа туманларида вазият оғир бўлиб, ўт ўчириш хизматларига сув тошқинлари бўйича 30 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Кепез округида юз берган тўфон қурилиш майдончасидаги иккита вагончани ва қурилиш кранини ағдариб юборган. Вагонча ичида бўлган беш нафар ишчидан иккиси воқеа жойида, яна иккиси шифохонада вафот этган, бир нафари эса енгил жароҳат олган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Туркия географик жойлашуви ва геологик тузилиши сабабли турли табиий офатлар кўп кузатиладиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Мамлакат Ўрта ер денгизи ҳавзасида жойлашгани боис иқлим ўзгариши оқибатида илиқ ва нам ҳаво массаларининг кескин тўқнашуви тез-тез кучли бўронлар, сув тошқинлари ҳамда торнадо ҳодисаларини келтириб чиқармоқда.
Шу билан бирга, Туркия Анадолу, Африка ва Арабистон тектоник плиталарининг тўқнашув нуқтасида жойлашгани сабабли сейсмик жиҳатдан ҳам ўта фаол ҳудуд саналади — бу ерда Анатолия ва Шарқий Анатолия каби йирик ёриқлар мавжуд бўлиб, улар тез-тез вайронкор зилзилаларни келтириб чиқаради.
Хусусан, ўтган йили июль ойида Туркиянинг Муғла вилоятида жойлашган Мармарис курорт шаҳрида 5,8 магнитудали кучли зилзила содир бўлганди.
Метеорологлар Анталиянинг марказий ва ғарбий соҳил ҳудудларида квадрат метрга 21 дан 50 литргача, шарқий туманларида эса 51 дан 75 литргача ёғингарчилик кутилаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Табиий офат юз берган ҳудудларда қутқарув ва оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Яқинда Непалда сув тошқини қурбонлари учун мотам куни эълон қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас