Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган қурилиш материаллари тармоғига бағишланган видеоселектор йиғилишида йирик ва мегалойиҳаларга маҳсулот етказиб беришда импорт ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тенг шароит яратиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Давлат раҳбарининг ушбу топшириғи йирик инвесторларнинг импорт материалларини қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилиш сўрови ҳамда маҳаллий корхоналарнинг таклифлари ортидан берилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар агар ҚҚС бўйича имтиёзлар уларга ҳам қўлланилса, чет эл маҳсулотлари билан сифат ва стандарт бўйича бемалол рақобатлаша олишларини маълум қилишган.
Шу билан бирга, Президент соҳадаги ўткир муаммоларни танқид қилган. Ҳозирда тармоқдаги 457 та корхонанинг кредит бўйича муддати ўтган қарздорлиги 3,5 триллион сўмга етган. Бунга маҳсулот таннархининг қимматлиги ва уларнинг бозор талабларига жавоб бермаслиги сабабли харидор топа олмаётгани асосий сабаб қилиб кўрсатилган.
Вазиятни ўнглаш учун масъулларга ушбу 457 та корхонанинг ҳар бирига бориб, уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс ажратиладиган бўлган. Бу маблағлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, таннархни тушириш ва бозорда харидоргир бўлган материаллар чиқаришни йўлга қўйишга сарфланади.
Олдинроқ Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва инвесторлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас