Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) фуқароларга ижро ҳужжатлари ёки қарздорлик мавжудлиги ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали келаётган ёлғон хабарларга ишонмасликни сўради. Бундай шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва пул маблағларини ўзлаштириш учун сунъий интеллект ва зарарли дастурлардан фойдаланмоқда.
Расмий хабарга кўра, фирибгарлар фуқароларга исм-фамилия, ҳатто паспорт маълумотларини кўрсатган ҳолда сохта хабарлар юбормоқда. Ишонч ҳосил қилиш учун улар ҳатто сунъий интеллект ёрдамида МИБ ходимлари номидан овозли ёки матнли хабарлар йўлламоқда. Хабарларга илова қилинган "apk" форматдаги дастурларни юклаб олиш пластик карта маълумотларини ўғирлашга олиб келиши мумкин.
Таъкидланишича, МИБ томонидан юбориладиган расмий хабарлар фақат "МИБ" номли инфо-рақам орқали мобил SMS тарзида келади. Бошқа ҳеч қандай ижтимоий тармоқ ёки мессенжер орқали юбориладиган хабарлар ва ҳужжатлар намуналари расмий ҳисобланмайди.
Бюро фуқароларни огоҳликка чақириб, ижро ишлари ва қарздорлик ҳақида маълумотларни фақат расмий веб-сайт (www.mib.uz) ва расмий иловалар (Google PlayMarket ёки AppStore тизимларидаги МИБнинг расмий мобил иловалари) орқали текширишни сўрамоқда.
Фуқаролардан шахсий маълумотларини бегона шахсларга ишониб топширмаслик ва шубҳали ҳаволаларга кирмаслик сўралган.

Изоҳлар мавжуд емас