Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026/2027-ўқув йилида абитуриентларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилишда SAT (Scholastic Aptitude Test) сертификатидан фойдаланиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилди.
Янги тартибга кўра, 1200 ва ундан юқори баллга эга бўлган абитуриентлар учун фанлар мажмуаси математика ва чет тили бўлган таълим йўналишлари қабул параметрининг 50 фоизи миқдорида қўшимча грант ўринлари ажратилади. Агар бу ҳисоб-китобда бутун сон чиқмаса, ўринлар юқори сонга қараб яхлитланади.
Имтиёз фақат 2026-йил 25-июнга қадар (шу куни ҳам) DI код орқали Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига келиб тушган сертификатларга татбиқ этилади. SAT баллари абитуриентни қўшимча грантга қабул қилишда асосий мезон ҳисобланади. Абитуриентлар танлаган 5 тагача таълим йўналиши бўйича балл кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда талабаликка тавсия этилади.
Агар охирги ўрин учун даъвогар бўлган абитуриентларнинг баллари тенг келиб қолса, уларнинг барчаси талабаликка тавсия қилинади. Абитуриент ушбу имтиёздан фойдаланиш ёки ундан воз кечиб, умумий тартибда тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Агар абитуриент танлаган 5 та йўналиши бўйича грантга кира олмаса, имтиҳон натижалари эълон қилинганидан бир ҳафта ўтиб, вакант қолган грант ўринлари учун яна бир ҳафта давомида қайта рўйхатдан ўтиши мумкин.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тасдиқланган қайдномалар абитуриентларни талабаликка қабул қилиш учун расмий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2026/2027 ўқув йили учун ОТМларга қабул қилиш кампанияси қоидалари тасдиқланганди. Давлат буюртмаси доирасида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига бюджет ҳисобидан 36 мингдан ортиқ абитуриент қабул қилинади, магистратурани ҳисобга олган ҳолда жами 46 мингдан ортиқ талабанинг ўқиши учун тўлов давлат томонидан амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас