Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши жорий йилда қиймати 168 миллиард сўмлик низоли ҳолатларни кўриб чиқди. Якуний хулосаларга кўра, ушбу маблағнинг қарийб 98 фоизи тадбиркорлар фойдасига қайта кўриб чиқилган.
Президентнинг 2025 йил 11 июльдаги ПҚ-223-сонли қарори билан ташкил этилган мазкур Кенгаш тадбиркорлар ва солиқ идоралари ўртасидаги келишмовчиликларни судгача бўлган босқичда ҳал этишнинг самарали механизмига айланган. Кенгаш қарорлари солиқ ва божхона идоралари учун кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ҳуқуқий ҳимоя воситаси ҳисобланади.
Хусусан, жорий йилда 168 миллиард сўмлик 6 та иш кўриб чиқилган. Шундан тадбиркорлар фойдасига 163,9 миллиард сўмлик хулосалар чиқарилган. 133,5 миллиард сўм солиқ ва 30,4 миллиард сўм молиявий жарималар бекор қилинган. 100 миллион сўмлик ишлар қайта кўриб чиқишга юборилган.
Кенгаш таркиби давлат органлари вакиллари, халқаро экспертлар ва малакали солиқ маслаҳатчиларидан иборат бўлиб, ҳар бир мурожаат аъзолар томонидан шахсан ва профессионал тарзда муҳокама қилинади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тизим тадбиркорларнинг оворагарчилигини камайтириш ва бизнес муҳитида адолатли солиқ маъмуриятчилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан олдин ҳам Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган тадбиркорлар билан учрашувда шифокор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи Ойгул исмли тадбиркор давлат харидлари тизимидаги жиддий муаммоларни очиқлагани ҳақида хабар берган эдик. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда xarid.uzex.uz платформаси орқали етказиб берилган маҳсулотлар учун 400 миллион сўм қарздорлик тўланмай қолмоқда, шунингдек 75 миллион сўм маблағ тизимда асоссиз музлатиб қўйилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас