Загрузка
Загрузка
Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари 2076 йилгача фойда, ижтимоий ва бошқа қатор солиқлардан озод қилинди
Иқтисод

Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари 2076 йилгача фойда, ижтимоий ва бошқа қатор солиқлардан озод қилинди

16
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда янги ташкил этилаётган Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) иштирокчилари ва ходимлари учун 2076 йилнинг 1 январига қадар амал қилувчи кенг кўламли имтиёзларни кўзда тутувчи махсус солиқ режими жорий этилди. Бу борадаги "Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида"ги Конституциявий қонун жорий йилнинг 25 июлидан бошлаб расман кучга киради.

Янги қонунга кўра, ТХММ органлари ёки иштирокчилари томонидан ташкил этилган ҳамда уларнинг тўлиқ назоратида бўлган ташкилотлар, шунингдек, марказнинг малакали аъзолари молиявий ва қўшимча хизматлар кўрсатишдан олган даромадлари бўйича фойда ҳамда ижтимоий солиқларни тўлашдан озод этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон солиқ резиденти бўлмаган марказ ходимларининг иш ҳақи шаклидаги даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ундирилмайди.

Шу билан бирга, ушбу имтиёзлар доирасида фонд биржасининг расмий рўйхатига киритилган қимматли қоғозлар, марказ иштирокчиларининг акциялари ёки улушларини сотишдан олинган даромадлар, улар бўйича дивидендлар ва фоизлар ҳам солиққа тортилмайди. Марказнинг инвестициявий солиқ резидентлари эса Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари учун солиқ тўлашдан озод қилинди. ТХММ ҳудудида жойлашган ва унинг аъзолари фойдаланадиган кўчмас мулклар учун мол-мулк ва ер солиғи, шунингдек, марказ иштирокчиларининг қонунда назарда тутилган хизматлари ва фаолияти учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисобланмайди.

Мазкур солиқ имтиёзлари Конституциявий қонун ва ТХММ қарорларида белгиланган шартлар ва талабларга риоя этилган тақдирдагина қўлланилади. Шунга қарамай, тегишли даврдан олдинги тўрт молиявий йилнинг камида иккитасида йиллик консолидациялашган даромади 750 миллион евро ва ундан ортиқ бўлган йирик трансмиллий компаниялар гуруҳига кирувчи иштирокчилар учун малакали ички минимал солиқни тўлаш мажбурияти сақланиб қолади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...