Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пуллик автомобиль тўхташ жойлари (парковка) учун тўлов қилмаганликка нисбатан маъмурий жарима жорий этиш тўғрисида эълон қилинган қонун лойиҳасини кескин қоралаб, ушбу ташаббусни қабул қилиб бўлмайди деб баёнот берди. Партиянинг таъкидлашича, тижорат тузилмаларининг даромадларини ундириш учун давлатнинг мажбурлов кучидан ва асосланмаган жарималардан фойдаланиш ҳуқуқий давлат принципларига бутунлай зиддир.
ХДП ўз баёнотида мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига қарши тўртта асосий омилни илгари сурган. Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмас, шу сабабли кодексларга ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳа тақдим этиши қонунга хилофдир. Иккинчидан, пуллик "парковка" оператори ва ҳайдовчи ўртасидаги муносабатлар Фуқаролик кодекси асосида тартибга солинадиган фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ҳисобланади; бу вазиятда тўловни ундириш маъмурий жавобгарлик орқали эмас, балки оператор томонидан суд тартибида амалга оширилиши лозим.
Учинчидан, маъмурий жазо чоралари давлат органлари томонидан фақат умумий ва оммавий манфаатларни ҳимоя қилиш учун қўлланилиши мумкин, хусусий операторнинг тижорий даромадини кафолатлаш учун эмас. Тўртинчидан, ҳокимликнинг пуллик тўхташ жойлари учун ҳайдовчиларнинг атиги 2-3 фоизи тўлов қилаётгани ҳақидаги важидан жамоатчилик шубҳаланмоқда, чунки шу вақтга қадар ушбу тизимдан тушаётган маблағлар ва давлат бюджетига тушумлар ҳақидаги маълумотлар ҳокимлик томонидан умуман ошкор қилинмаган.
Партия ижро ҳокимияти идораларини аҳолини жазолаш ва жарима ундириш билан эмас, балки одамларга муносиб шароит яратиш билан шуғулланишга чақирган.
Бундан олдин Тошкент шаҳридаги пуллик тўхташ жойлари (парковкалар) устидан назорат қилувчи Poytaxt Parking мобил иловасида жиддий тизимли камчилик аниқланганди. Маълум бўлишича, иловада исталган автомобилни ҳеч қандай авторизация ва тасдиқловсиз (фақатгина давлат рақамини киритиш орқали) шахсий кабинетга қўшиш имконияти мавжуд бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас