Загрузка
Загрузка
Тошкент метрополитени масъулларининг "хавфсизлик кафолатлари": "Турон" бекатидаги фавқулодда ҳолат сабаб икки киши жабрланди
Ҳодисалар

Тошкент метрополитени масъулларининг "хавфсизлик кафолатлари": "Турон" бекатидаги фавқулодда ҳолат сабаб икки киши жабрланди

17
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ер усти ҳалқа йўлининг "Турон" бекатида шифт конструкциясининг қулаши оқибатида икки йўловчининг жароҳатланиши пойтахт метрополитени хавфсизлиги борасидаги жиддий муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Бугун, 16 июль куни соат 14:34 да, ер усти ҳалқа йўлининг "Турон" бекатида шифт конструкциясининг бир қисми сурилиб, йўловчилар устига қулаб тушиши оқибатида икки киши енгил тан жароҳати олган ва бекатда поездлар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган. Ҳодиса оқибатида шикастланган йўловчиларга воқеа жойининг ўзида зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган бўлиб, айни пайтда соҳа мутахассислари техник ўрганиш ва вайроналарни бартараф этиш ишларини олиб бормоқдалар. 

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг дастлабки хулосаларига кўра, фақатгина шифтнинг декоратив қисми шикастланганини билдирган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари воқеа жойида хавфсизлик чораларини кўриб, тегишли ишларни мувофиқлаштирмоқда.

Метро бекатидаги таъмирлаш ва текширув ишлари давом этаётган вақт оралиғида йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча автобуслар қатнови ташкил этилган. Хусусан, Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат" жамияти томонидан 13- ва 14-бекатлар оралиғида 4 та автобус, 13- ва 12-бекатлар оралиғида 4 та автобус ҳаракатга жалб этилган.

Аммо бундан аввал тармоқларда ер усти йўлидаги тирқишлар ва устунлардаги нуқсонлар акс этган видеолар тарқалганда, метро маъмурияти вазиятни оддий "технологик тирқиш" деб тушунтириб, тизим тўлиқ техник назоратда ва йўловчилар учун хавфсиз эканини қатъий таъкидлаган эди. Бироқ бугун юз берган реал авария расмийларнинг ушбу баёнотлари ва тизимли ваъдалари амалда ўз исботини топмаганини, иншоотларнинг қурилиш ва фойдаланиш сифати талаб даражасида эмаслигини кўрсатган.

Ўшанда ижтимоий тармоқларда Ер усти ҳалқа йўлининг "Қўйлиқ" ва "Роҳат" бекатлари оралиғидаги эстакадада пайдо бўлган тирқишлар аҳоли ўртасида жиддий хавотирларга сабаб бўлган эди. "Тошкент метрополитени" вазиятга расмий муносабат билдириб, тарқалган видеоларни "ваҳима" ва "асоссиз хабарлар" деб атаган ва йўловчиларни жавобгарлик билан қўрқитишгача борган эди. 

Идора барча иншоотлар мунтазам назорат қилинишини ва хавфсизлик тўлиқ таъминланганини даъво қилган бўлса-да, бугун "Турон" бекатида шифтнинг қулаши метро лойиҳаларининг сифати ва техник назорати ҳақиқатдан ҳам қониқарли даражадами деган асосли шубҳаларни юзага келтирмоқда.

Бугунги ҳодиса ривожланган давлатлар тажрибасида инфратузилма объектларининг нафақат техник созлиги, балки уларнинг хавфсизлик кафолатлари реал ҳаётда таъминланиши шартлигини яна бир бор исботлаган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...