Загрузка
Загрузка
Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш бўйича халқаро консорциум билан битим имзоланди
Иқтисод

Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш бўйича халқаро консорциум билан битим имзоланди

15
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти ҳамда Саудия Арабистонининг Vision Invest компанияси бошчилигидаги, Япониянинг Sojitz Corporation ва Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияларини бирлаштирган халқаро консорциум ўртасида Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва кейинчалик бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик битими имзоланди. 

Лойиҳани амалга оширишдан олдин халқаро молия институтлари талаблари асосида экологик ва ижтимоий баҳолаш ишлари ўтказилди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартномаси ишлаб чиқилиб, муҳандислик коммуникацияларини кўчириш ва қурилиш майдонини тайёрлаш бўйича зарур ҳужжатлар тайёрланган. 

Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаевнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа мамлакат авиация соҳасини янги босқичга олиб чиқади. Янги аэропорт келгуси ўн йилликларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмининг ўсиб боришига жавоб бера оладиган замонавий авиация хабига айланиши кутилмоқда. 

Президентнинг 2025 йил 25 ноябрдаги қарорига мувофиқ, янги аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, 1310 гектар майдонда барпо этилади. 

Лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бири 4 километр узунликдаги иккита учиш-қўниш йўлаги, 208 минг квадрат метрли йўловчи терминали, самолётлар учун 98 та тўхташ жойи, ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳамда замонавий диспетчерлик минораси қурилади. 

2030 йил охирида ишга туширилиши режалаштирилган аэропорт йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 300 минг тоннагача юк қабул қилиш имкониятига эга бўлади. 

Имзоланган келишувга кўра, халқаро консорциум йўловчи терминали ва аэропорт атрофидаги инфратузилмани қуриш ҳамда бошқариш учун масъул бўлади. Давлат томони эса аэродром мажмуасини қуриш ва эксплуатация қилиш ишларини амалга оширади. 

Тасдиқланган режага мувофиқ, жорий йил июнь ойида муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари бошланиб, ҳудудни тайёрлаш ва қурилиш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Юклаш...