Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида электр таъминоти соҳасидаги икки мансабдор шахс пора олаётган вақтда ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Чилонзор тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси электромонтёри фуқаронинг хонадонидаги новвойхонани электр тармоғига улаб бериш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 5 300 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, Департаментнинг Хоразм вилояти Хазорасп тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда туман электр таъминоти корхонасининг бош муҳандиси фермер хўжалиги раҳбаридан ер майдонидаги паст кучланишли трансформаторни юқори кучланишли трансформаторга алмаштириб бериш эвазига 7 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас