Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳасига жами 264 миллион доллар инвестиция йўналтирилмоқда. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, хусусий шерик сифатида Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси жалб қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи Урганч халқаро аэропортида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишишдан бошланган.
Реконструкциянинг биринчи босқичида аэропортда Boeing 747 ва Airbus A350 каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу Хоразмга дунёнинг турли қитъаларидан тўғридан-тўғри, транзитсиз узоқ масофали авиақатновларни йўлга қўйиш имконини беради.
Шунингдек, 18 та самолёт туриш жойи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Аэропортда замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари, 24 соат ишлайдиган тиббиёт пункти ҳамда Duty free зонаси ташкил этилади.
Лойиҳа якунига етгач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 300 нафаргача ошади.
Маълум қилинишича, Урганч аэропорти 1960 йилда ишга туширилган, 1992 йилда унга халқаро мақом берилган. Бугун аэропорт орқали ўнга яқин авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
Жорий йилда аэропорт томонидан 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга кўп.

Изоҳлар мавжуд емас