Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган оммавий баҳолаш натижалари пойтахтдаги 600 мингдан ортиқ квартиранинг умумий қиймати 426,7 триллион сўмга, 213 мингдан зиёд ҳовли-жойнинг қиймати эса 548,4 триллион сўмга баҳоланганини кўрсатади . Бу кўрсаткич амалдаги кадастр қийматига нисбатан квартиралар бўйича 7,4 баравар, ҳовли-жойлар бўйича эса 14 баравар юқори эканини билдирмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳудудга қараб квартираларнинг 1 квадрат метри 4,6 миллион сўмдан 35,8 миллион сўмгача, бир сотих ер участкасининг қиймати эса 115 миллион сўмдан 890 миллион сўмгача баҳоланган. Баҳолаш жараёнида объектнинг жойлашуви, майдони, қурилган йили, инфратузилмага яқинлиги, нотариал олди-сотди битимлари ҳамда риэлторлик маълумотлари ҳисобга олинган.
Шунингдек, оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасида бўлади ва мулкдорларга СМС-хабарнома юборилади. Мулкдорлар маълумотларни қайта кўриб чиқишни сўраш ёки норози бўлган тақдирда мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати хусусийлаштиришни жадаллаштирмоқда ва ишлаб чиқаришни тиклаш йўлларини қидириб, 1 минг 300 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари, минглаб гектар ерлар ва ўнлаб компаниялардаги давлат улушларини сотувга чиқариш режалаштирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас