Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазири Лазиз Қудратов Вашингтонга ташрифи давомида The Washington Times нашрига берган интервьюсида ўтган йили Оқ уйда бўлиб ўтган саммитда эришилган иқтисодий келишувларнинг бешдан бир қисми аллақачон ҳаётга татбиқ этилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, томонлар келишиб олган 35 миллиард долларлик лойиҳалар пакетидан 7 миллиард долларлик қисми тўлиқ амалга оширилган ва фойдаланишга топширилган.
Ушбу келишув ўтган йили имзоланган эди. Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп ўзининг "Truth Social" саҳифасида келгуси уч йилда Ўзбекистон АҚШнинг муҳим тармоқларига тахминан 35 миллиард доллар сармоя киритишини, кейинги ўн йилда эса ушбу кўрсаткич 100 миллиард доллардан ошиши кутилаётганини айтган эди.
Вазирнинг қайд этишича, ўтган йили Ўзбекистон ва АШҚ ўртасидаги ўзаро товар айланмаси илк бор 1 миллиард доллардан ошиб, икки томонлама муносабатлар тарихидаги рекорд кўрсаткичга етган. Лазиз Қудратов бу каби ижобий динамика ва хорижий инвесторлар учун яратилган жозибадор муҳитни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда бошланган иқтисодий ислоҳотлар, валюта бозорининг либераллаштирилиши, божхона тартиб-оидаларининг соддалаштирилиши ҳамда Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши билан изоҳлаган.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда 21 минг атрофида хорижий капитал иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан (4 мингта) беш баробарга кўпдир.
Шу билан бирга, томонлар стратегия жиҳатдан муҳим ҳисобланган критик (муҳим) минераллар ва камёб металларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ўртасида бу бўйича анлашув меморандуми ва қўшма инвестиция асослари имзоланган.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу соҳада мураккаб инфратузилма ва қайта ишлаш заводларини барпо этиш бир неча йил вақт талаб этса-да, Ўзбекистон ресурслари АҚШ учун Хитойнинг ушбу хомашё бозоридаги монополиясига қарши муҳим муқобил манбага айланиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас