Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 3 ёшли тарбияланувчи ҳашаротларга қарши дори воситасидан заҳарланиб, вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, марҳум боланинг бувиси мазкур боғча ошхонасида ошпаз бўлиб ишлаган. 28 август куни бола бувисининг олдига ошхонага кирган вақтда ҳашаротларга қарши дори воситасини истеъмол қилган.
Болага Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, у 30 август куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда бир нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган. Тергов доирасида хавфли модданинг очиқ қолдирилиши ва боланинг ошхонага кириши билан боғлиқ ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Олдинроқ Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолати қайд этилганди. Унинг оқибатида 57 нафар фуқаро шифохонага мурожаат қилган.

Изоҳлар мавжуд емас